Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ҲУҚУҚИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР МАСАЛАЛАРИ


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ҲУҚУҚИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР МАСАЛАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейин ўтган йиллар давомида жамиятнинг барча соҳалари қатори таълим соҳасида, бунда айниқса ҳуқуқий таълим тизими бўйича ёш авлоднинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда мамлакатимизда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш масаласи биз учун умумдавлат миқёсидаги мамлакат тараққиётини ҳал қилувчи вазифа бўлиб, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил равишда олиб борилаётган тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.

Бугунги кунда ёшларнинг мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизидан орти­ғини ташкил қилишининг ўзи жамият ҳаётининг турли соҳаларида уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, биринчи навбатда, ёш авлоднинг маънавий камол топишида ҳамда уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалишида муҳим ўрин тутувчи ҳуқуқий таълим тизимининг шаклланиш тарихи ва уни ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлашни, амалдаги қонунчилик тизимини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни, ҳуқуқий таълим тизимини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ бўлган халқаро ҳуқуқнинг илғор нормаларини миллий қонунчилигимизга татбиқ қилишни талаб қилади.

Таълимнинг барча турлари каби ҳуқуқий таълимнинг ҳам ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Б.Зиёмуҳаммедов ва Ш.Абдуллаева ҳуқуқий таълим- тарбияни шундай таърифлайдилар: «Ҳуқуқий таълим-тарбия инсонда ҳуқуқий билимларни ошириш, қонунларни яхши ўзлаштириб, уларга тўлиқ риоя этиш кўникмасини ҳосил қилишдир»[1]. Ҳуқуқшунос олима О.А.Каримова ҳуқуқий таълим-тарбия соҳасидаги кўп йиллик иш тажрибасидан келиб чиқиб, ҳуқуқий педагогикани умумий педагогиканинг узвий қисми эканлигини, ҳуқуқий педагогика бу юридик билимларни ўқитиш ва ўргатишдан иборат эканлигини таъкидлайди[2].

Дарҳақиқат, ҳуқуқий таълим ҳуқуқий билимларни ўзлаштиришни, амалий кўникмалар ва малакалар шаклланишини назарда тутади. Бу эса ёшларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб етишишлари учун замин тайёрлайди. Ҳуқуқий таълим нафақат билим бериш, балки ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, интизомни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш каби вазифаларни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Ҳуқуқий таълим-тарбия деганда, ҳуқуқий билимларни бериш натижасида ҳуқуқий тушунча ва тасаввурлар ҳосил қилиш ҳамда шахсни хуқуқий қоидаларга риоя этиш руҳида тарбиялаб, унинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш тушунилади.

Шу асосда ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбияга алоҳида-алоҳида таъриф бериш мумкин.

Ҳуқуқий таълим – бу ҳуқуқий билимларни эгаллаш, ҳуқуқий кўникма ва малакани шакллантириш жараёнидир. Шунингдек, ҳуқуқий таълим ёшларни ақлий жиҳатдан ривожлантириб, тарбиялайди. Ҳуқуқий таълим натижасида ёшларнинг ҳуқуқий онгига, ҳиссиётига, иродасига собитқадамлик билан бир тизим асосида таъсир этишга эришилади. Ҳуқуқий таълим - ҳуқуқий маълумотни маълум бир тартибда бериш ва уни қабул қилиб олиш жараёнидир.

Ҳуқуқий тарбия эса ёшларнинг олган билимларини амалиётда қўллай олишга ўргатишдир. Ҳуқуқий тарбия ҳуқуқий таълимсиз амалга ошмайди. Ҳуқуқий таълим беришдан мақсад, шахсга олган билимларини амалиётда қўллаш асосида ҳуқуқий тарбиялашдир. Бу фаолият маълум бир жараённи ўз ичига олади.

Ўзбек халқининг таълим-тарбия соҳасидаги миллий мероси узоқ тарихий даврни қамраб олади. ота-боболаримиз жуда қадимдан ёш авлодни имон-эътиқодли қилиб тарбиялашга катта эътибор берганлар. Инсоният ўзининг тарихий тараққиёти даврида ҳуқуқий таълим-тарбияга бўлган эҳтиёжини қондириш учун маърифий жараёнда объектив қонуниятларни аниқлайди ва шу асосда таълим-тарбия мазмунини яратади.

Таълим-тарбия кишилик жамияти пайдо бўлиши билан бошланган ва ривожланган. Бола туғилиши биланоқ ота-онасининг парвариши орқали атроф муҳит билан танишади. Турмуш фаолияти бошланиши билан ишлаб чиқариш тажрибаси ва малакаларини ўзлаштиради, шу жараёнда унда ақлий ва жисмоний камолот, маданий, ахлоқий ва эстетик қарашлар шаклланади. Шахсга таълим-тарбия беришни ўзига касб қилиб олган кишилар пайдо бўлиб, аста-секин таълимий мақсадлар шаклланади, шунингдек, кишиларнинг ижтимоий сифатлари аниқланади.

Имом ал-Бухорийнинг таълим-тарбия хусусан ҳуқуқий таълим тўғрисидаги қарашларида тўгри сўзли бўлишга, ваъдага вафо қилишга даъват этиб, мунофиқ кишининг учта белгисини кўрсатади, улар: ёлғон гапириш, ваъдага вафо қилмаслик ва омонатга хиёнат қилишдан иборатлигини айтади. У оилавий муҳитнинг барқарор, тинч, оила аъзоларининг соғ-саломат, тўқ бўлишини ва бир-бирларини ҳурмат қилишларини истайди. У ўз таълимотида билим ўрганиш, уни ўргатиш йўллари ва усуллари масаласига алоҳида эътибор қаратади.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича изчил ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ўз эътирофини топаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Чунончи, жаҳон миқёсида ҳуқуқ устуворлигининг навбатдаги индексини эълон қилган “The World Justice Project” халқаро мустақил ташкилотининг йиллик маърузасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлашни муваффақиятли амалга ошираётган бешта мамлакат қаторига киргани бунинг яққол далилидир.

Юридик таълим сифатини яхшилаш, ҳуқуқшуносларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бутун дунёда долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Зеро, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ушбу соҳа вакиллари зиммасидадир. Бунинг учун эса улар нафақат зарур билимларни эгаллашлари, балки шу билимларни амалиётда қўллай олишлари ҳам шарт. Шу маънода юридик таълим амалиёт билан узвий боғлиқликни тақозо этади.

Ҳуқуқий таълим тизимининг амалий аспектларини тубдан ўзгартириш ҳуқуқий билим, ҳуқуқий эътиқод ва изчил амалий фаолият мажмуи сифатида ҳуқуқий салоҳият билан алоқадордир.

"Ҳуқуқий таълим" тушунчаси ҳуқуқшунослик фани категориялари орасида алоҳида ўрин тутади. Ҳуқуқий таълим шахсга ўзининг ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаш, олинган ҳуқуқий билимларни амалий фаолиятда қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ мустақил татбиқ қилиш, қонунқй хатти-ҳаракатларни амалга ошириш, ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан қатъий муросасиз муносабатда бўлиш кўникмаларини тарбиялаш имконини беради.

Ҳуқуқий таълим тизими, унинг мазмуни, мақсад ва вазифалари, тамойиллари ҳуқуқий таълим назариясини ташкил этиб, ҳуқуқий онгни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳуқуқий таълим назариясини қуйидаги тушунчаларнинг мазмуни ва таърифларига аниқлик киритиш билан бойитиш муҳим назарий ва ҳаётий- амалий аҳамиятга эга:

- ҳуқуқий тарбия – ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришга қаратилган, турли шаклларда амалга ошириладиган амалий ҳаракатлар ва фаолият тизими;

- ҳуқуқий таълим - ҳаётий-амалий фаолиятда қўлланиладиган ва эгалланиши зарур бўлган ҳуқуқий маълумот ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган, тизимли, режали ва муайян мақсадга йўналтирилган назарий ва амалий фаолият жараёни;

- ҳуқуқий таълим тизими - ҳаётий-амалий фаолиятда қўлланиладиган ва эгалланиши зарур бўлган ҳуқуқий маълумот ва кўникмаларни тадрижий шакллантиришга хизмат қиладиган ва ўзаро узвий боғланган ҳуқуқий таълим босқичларини ўз ичига олган тизим;

Юқоридагиларга асосланиб, бизнингча барча юридик академик касб-ҳунар коллежлари учун мажбурий бўлган таянч юридик фанлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, юридик билим ва амалий кўникмаларни чуқурроқ эгаллашни ихтисослаштирилган ҳолда, таълимнинг модулли тизимини қўллаган ҳолда, ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий таълим ўқув жараёнига “case-study” замонавий шаклини жорий қилиш, юридик ва ноюридик ўқув юртларига абитуриентлар қабул қилиш ва ҳуқуқий таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида шахс ҳуқуқий онгини шакллантиришда муҳим омил бўлган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси” фанидан синов ташкил этиш, “Ҳуқуқшунос-педагог” мутахассислари қайта тайёрлашни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки ТДЮУ ҳузурида ташкил этиш, ҳуқуқшунос-педагогларнинг касбий-малакавий ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсадида марказлашган малака оширишни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, бугун таълим-тарбия ва илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар мамлакатимиз келажагининг эгаси бўлган ёш авлодни, юксак интеллектуал салоҳиятли жамиятни шакллантириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, бўлажак юридик кадрлар учун қонунларни пухта билиш, уларни амалда қўллаш, процессуал ҳужжатларни ёза олиш, муаммовий-ҳуқуқий масалаларни таҳлил қилиш, суд жараёнида иштирок этиш, ўз фикрини ёзма ва оғзаки равишда баён этиш, компьютерда ишлаш, чет тилларда эркин иш юритиш каби кўникмаларни шакллантиришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат

бўлими бошлиғи

Ш.Зайниев




[1] Зиёмуҳаммедов Б., Абдуллаева Ш. Педагогика. Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат нашриёти, 2000.


[2] Каримова О.А. Ҳуқуқий тарбия методикаси. Т.: 2000.