Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ БЕРИЛИШИНИ ЯНАДА ТАРТИБГА СОЛИНДИ


СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ БЕРИЛИШИНИ ЯНАДА ТАРТИБГА СОЛИНДИ

Мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш, сифатли ва рақобатбардош заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек республика заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5755 ва ПФ-5721 сонли Фармонлари билан амалдаги тартибларга божхона сохасига оид қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
Унга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб:
• ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари мумкин;
• календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши белгиланди.
Шу билан бирга, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:
- бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;
- товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси тушуми миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;
- қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан, шу жумладан, импорт қилинганда ҳам имтиёзлар бекор қилинади:
• асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси;
• соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси;
• қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;
- юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.
Фармонда қайд этилишича, қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида:
• 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади;
• 2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади;
• пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи тақдим этилади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилади.