Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Уй-жой низоларини ҳал қилиш. Уй-жойга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун назорат ва жавобгарлик


Уй-жой низоларини ҳал қилиш. Уй-жойга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун назорат ва жавобгарлик.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси фуқаролар, давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг уй-жой муносабатларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ чегаралаб берган.
Уй-жой қонунчилиги нормаларига риоя қилиш фуқаролар, шунингдек, уй-жой фондини ҳисобга олиш, сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлашни таъминлаш ваколати юклатилган давлат органлари, корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Уй-жойга оид низоли муносабатлар суд тартибида ҳал этилади ва судлар қуйидаги уй-жой низоларини ҳал этиш ваколатига эга:
— хусусий ва давлат уй-жой фондларига қарашли турар-жойларни ижарага берувчи ҳамда ижарага олувчилар, уларнинг оила аъзолари ўртасидаги уй-жой муносабатлари бўйича вужудга келган низолар;
— уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи билан фуқаролар ўртасидаги уй-жой муносабатларидан келиб чиқадиган низолар;
— давлат уй-жой фондининг турар-жойига берилган ҳужжатни (ордерни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;
— ижара шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш тўғрисидаги низолар;
— Уй-жой кодексининг 71 – 74, 79, 85-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича турар-жойдан кўчириш билан боғлиқ низолар;
— фуқаролик ҳуқуқ мажбуриятлари асосида вужудга келадиган уй-жой билан боғлиқ низолар;
— ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан вужудга келадиган низолар.

Фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, ёрдамчи хоналарни қайта қуриш ва ўзгартиришга розилик бериш масалаларини ҳал қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органи ва ижарага берувчиларнинг ваколатига тегишли эканлигидан келиб чиқиб, бундай масалалар бўйича даъволар судга тааллуқли эмас. Бироқ, фуқаролар маҳаллий давлат ҳокимияти ва ижарага берувчиларнинг юқорида қайд этилган масалаларни ҳал қилиши билан боғлиқ ҳаракатларидан норози бўлганда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда тегишли шикоят билан судга мурожаат қилишлари мумкин.

Мулкдор, унинг оила аъзолари, ижарачи ва унинг оила аъзолари ўртасида уй-жой масаласида келиб чиққан низолар (уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйдан кўчириб чиқариш) суд тартибида ҳал қилинади ва мазкур тоифадаги ишларни кўришда низоли уйда яшовчи вояга етган барча шахслар тегишлилигича суд ишига жалб қилинади.

Низоли уй-жой масалаларида мулкдорнинг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар-жойига рўйхатдан ўтган бўлсалар, мулкдорнинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин.
Мулкдорга нисбатан уй-жойда яшаш ҳуқуқини йўқотган деб топишга йўл қўйилмайди.
Уй-жой билан боғлиқ низоларда кўп учрайдиган ҳолатлардан бири бу сотилган уй-жодан мулкдорларнинг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш масалачи ҳисобланади.
Амалдаги қонунчиликка асосан нотариал тартибда тузилган уй-жой шартномасида сотувчи ва унинг оила аъзоларининг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади.
Бундан ташқари ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан ижарачи яшаётган уйи (квартираси) бузилиши оқибатида уйдан кўчирилаётганда, судлар томонидан участкасини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳақидаги тегишли ҳокимликнинг қарори мавжуд бўлиши лозим. Бундай қарорнинг мавжуд эмаслиги судлар томонидан даъвони рад этиш учун асос бўлади.

Ф.Рамазонов