Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛА


ЁШЛАРНИ ҲАРБИЙ ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛА

1991 йил 6 сентябрь — истиқлолнинг бешинчи куниёқ тарихда илк бор Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди.

1992 йил 14 январь куни эса мамлакатимиз ҳудудидаги барча Куролли Кучларни Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул килинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган қонунига биноан, юртимизда 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олаётгани, алоҳида таъкидлади. Бу эса Ватан ҳимояси, юрт тинчлигини сақлаш, фидоий бўлиб хизмат қилиш чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан далолат эканлигини уқтирди.

2018 йил 12 июлда Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси (собиқ Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти) ташкил этилганига 100 йил тўлиб, катта тантанали маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Сўнгги йилларда ҳарбий соҳада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, 2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди. 2018 йили ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида эса ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш органлари негизида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари ташкил этилди.

Қисқа муддатда хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини ўзида мужассам этган янгиланган Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди. Мазкур академияда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Умумқўшин факультети базасида қўшимча “Қўмондонлик-тактик тарбиявий ва мафкуравий ишлар” мутахассислиги бўйича офицерлар тайёрлаш таълим тизими йўлга қўйилди.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги мавжуд офицерлар уйлари Маънавият ва маърифат марказига айлантирилиб, марказ ҳузурида “Турон” театр студияси ташкил этилди. Бу албатта, эътирофга сазовор ишлар, ҳарбий хизматчиларни маънавияти ва маърифатига Давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиши юксак намунадир.

2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилгани, 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганини фахр билан тилга олишимиз мумкин.

Доно халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр – мингни” деган мақоли бежиз айтилмаган. Мазкур мақолни исботи сифатида Қуролли кучлар тизимида ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал “Ўзбекистон тарихи” фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйилди.

Улуғ аждодларимиз Ватанга садоқати, юртига муҳаббатини ифода этишнинг ажиб намуналарни мерос қолдиришган. Масалан, аксар алломаларимиз номидан уларнинг ватани кўриниб туради: Аҳмад ФАРҒОНИЙ, Муҳаммад ХОРАЗМИЙ, Имом БУХОРИЙ, Имом ТЕРМИЗИЙ, Абулайс САМАРҚАНДИЙ, Бурҳониддин МАРҒИНОНИЙ, Мазжуб НАМАНГОНИЙ, Абду-л-Ҳамид КЕШИЙ, Абу-л-Баракот НАСАФИЙ... Бу зот шу билан ўз ватанларини дунёга машҳури замон қилганлар. Бу – ибрат. Бу – ҳикмат.

Тарих шу жиҳатлари билан ёшларда, умуман, фуқароларда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда энг буюк қуролдир.

Жалолуддин Мангуберди, Амир Темурлар ҳарбий ватанпарварлик нуманаларини кўрсатган, буюк алломаларимиз қолдирган бой мерос – илмдаги кашфиётлари илмий жасорат бўлса, Ватаннни севиш, унинг хурсандчиликларига шерик бўлиб, оғир дамларида елкадош бўлиш, бир сўз билан айтганда, ундан фахр қилиш чин маънавий жасоратдир. Маънавий жасоратнинг яна бир жиҳати бор. Яъни ҳозирда долзарблик касб этиб турган ахборот урушлари ҳар бир зиёлидан масъулият, дахлдорликни талаб қилмоқда. Чунки мафкуравий хуруж ҳам ички, ҳам ташқи таҳдилар кўринишида намоён бўлар экан, бу биздан фавқулотда ҳушёрлик, тезкорликни талаб қилади. Илм билан. Ақл билан. Ёшларнинг кўзини, қулоғини асраш (ҳозир дунёда барча кучлар айни шу икки жиҳатга бор эътиборини қаратган), уларга энг ишончли ахборотларни тақдим ва таклиф қилиш, шу орқали информацион софликка эришиш биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолиши зарур.

Ватанпарварлик аслида ҳар кунлик иш ва бу кун йил давомида амалга оширилган ишларнинг сарҳисоби ҳисобланади.

Дуога қўл очар эканмиз Ватанга тинчлик сўрашдан бошлаймиз. Тинчликка интиламиз, уни яқинларимизу ватанимизга илинамиз. Назаримизда, бошқага тинчликни тилаган одам унга жаннатни илингандек бўлади, гўё.

Яна бир гап. Уйда ҳам, ватанда ҳам томон, осмон, ер бор. Муҳими, булар қабрда ҳам бор. Мана шу ҳудуд унинг соҳибиники. Унинг тинчлиги ҳам, безовталиги ҳам шу ерда.

Соҳибқирон Амир Темур “Темур тузуклари”даги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилиш мумкин. Унинг: “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлари бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён.

Амир Темурнинг бундай чуқур маъноли ҳикматлари халқимизда қадимдан мавжуд бўлган “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр – мингни” деган мақолга ғоят ҳамоҳанг бўлиб, инсонни доимо ақл-идрок, адолат ва юксак маънавият асосида яшашга даъват этиши билан эътиборлидир.

Ёшларни маънан етук, жисмонан соғлом, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишларининг самарадорлигини ошириш ва натижадорлигига эришиш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларга мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида 2018 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 140-сонли Қарори қабул қилинди.

Инсон тарбияси борасида гап борар экан, у энг аввало, олий тарбия мактаби бўлмиш оиладан бошланади, сўнг мактабгача таълим муассасаси, мактаб, коллеж (лицей) ёки олий таълим, армияда давом этади. Ҳар бир босқичда ёшларнинг камол топаётган онгини ёт ғоялардан асраш, унга қарши курашувчи мафкуравий иммунитетини ўз вақтида шакллантиришга эришиш хар қачонгиданда зарурятини ҳаёт сабоқлари кўрсатмоқда. Юқоридаги концепция шу муҳим масалани ҳал этишга ҳам хизмат қилади. Ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдирилиши энг муҳим вазифаларидан бири этиб белгиланди. Унга кўра ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари асосан тўрт босқичда (1-босқич 3-7 ёш, 2-босқич 7-16 ёш, 3-босқич 16-18 ёш, 4-босқич 18-30 ёшдагилар) амалга оширилиши белгилаб берилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида тарбиянинг узлуксизлигини таъминланиши ва тарбиядаги ноқисликка барҳам берилиши ҳамда тарбиянинг мукаммалашишини вужудга келтиради. Буларнинг таг замирида ёшларнинг маънан юксак ва маърифатли авлод бўлиб етишиши ётади. Демак, уларнинг маърифатини юксалтириш муҳим масала.

Ватан кўзнинг қорачиғига ўхшайди. Унга бирор ёт нарса яқинлашганда қовоқлар, киприклар сергак тортади, умуман, жисм мана шу кичик аъзо ҳимоясига шайланади. Ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар қалбидаги мана қорачиқ – ватани – манбаларда “бу дунёнинг жаннати”, дея шарафланган ЎЗБЕКИСТОНИ ҳимоясига ақли, кучи билан шай турса, ташқи ва ички таҳдидлар ожиз нуқтага айланиши шубҳасиз.