Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

ЙЎЛ СОҲАСИНИ БОШҚАРИШДАГИ ҚОНУНЧИЛИК


ЙЎЛ СОҲАСИНИ БОШҚАРИШДАГИ ҚОНУНЧИЛИК

Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 29 июнда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2007 йил 24 августда маъқулланган.

Мазкур қонунни қабул қилиниши борасида Автомобиль йўллари соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар белгиланиб олинди. Қонунга кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, ушбу қонун билан давлат бошқарув органлари автомобиль йўллари соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар доираси ҳам белгиланиб қўйилди.

Ҳақ тўланадиган автомобиль йўллари соҳасидаги муносабатлар эса алоҳида қонун билан тартибга солиниши назарда тутилди.

Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, яъни қишлоқ жойлардан ўтадиган ва хўжаликларни ўзаро боғлайдиган автомобиль йўллари. Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўладиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатларини амалга ошириш давомида автомобиль йўллари соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди; давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг автомобиль йўллари соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради; Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини тасдиқлайди; автомобиль йўллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўллари 3 йўналишда таснифланади, яъни: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари; шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари ва хўжалик автомобиль йўллари.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки ҳисобланиб, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар учун очиқдир. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари аҳоли эҳтиёжларини, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва мудофаа эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шаҳарлар ҳамда бошқа аҳоли пунктлари ўртасида юклар ва йўловчилар ташишни таъминлайди. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳам ўз ўрнида халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига бўлинади. Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхати белгиланган тартибда тасдиқланади. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар доирасида ўтади, мазкур кўчаларнинг Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатига белгиланган тартибда киритилган участкалари бундан мустасно.

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари давлат мулки бўлиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлади. Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқларнинг ва овулларнинг кўчаларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Хўжалик автомобиль йўллари давлат ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкидир. Технологик мақсадларга хизмат қиладиган йўллар, шохобча, хизмат, патруль ва бошқа шунга ўхшаш автомобиль йўллари хўжалик автомобиль йўллари жумласига киради.

Хўжалик автомобиль йўлларини молиялаштириш улар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан, шунингдек бошқа шахслар фойдаланиши учун очиқ бўлган хўжалик автомобиль йўлларидан ўтиш; муттасил, йил давомида, хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш; ҳаракатланишнинг йўл шароитлари тўғрисида тезкор ахборот олиш; автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш. Шунингдек, Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар ҳаракат хавфсизлигини ва автомобиль йўлларини сақлашни таъминлай оладиган ҳолатдаги транспорт воситаларидан фойдаланишлари; ажратилган минтақани ифлослантирмасликлари; автомобиль йўлларининг шикастланиш ҳолларига йўл қўймасликлари шарт.

Автомобиль йўлининг элементлари шикастланишига йўл қўйган автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда кўрсатилган элементларнинг ва уларни тиклаш ишлари қийматининг ўрнини қоплайди.

Қонунда автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шартлиги қатъий белгилаб қўйилган. Автомобиль йўлидан ўтиш шароитларининг ёмонлашишига сабаб бўладиган ишларни бажараётган юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик, шунингдек автомобиль йўлининг тегишли участкаларида ва айланиб ўтиш жойларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминламаганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 147-моддасида Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузишда,
148-моддасида эса Темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган минтақаларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузишда ифодаланган нормаларни бузганлик учун жавобгарлик масаласи белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКда ҳам 269-модда мавжуд бўлиб, унга кўра Автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни қўриқлаш қоидаларини бузиш, яъни автомобиль йўлларида ва шу йўллар учун ажратилган минтақада тегишли рухсатсиз ер ости ва ер усти коммуникациялари ўтказиш, уларни таъмирлаш, бу ишларни бажаришнинг белгиланган шартлари ва муддатларига риоя қилмаслик, ўзбошимчалик билан арклар, тўсиқлар, шлагбаумлар ёки бошқа иншоотлар ўрнатиш, йўлларга материал ва бошқа нарсаларни уюб қўйиш, йўл устини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса жавобгарликни келтириб чиқариши кўрсатилган.

 

Конимех тумани адлия бўлими

бош маслаҳатчиси  

О.Султонов