Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимояланган


Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимояланган

Фуқароларнинг меҳнат манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Афсуски, бу соҳада кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилаётганига қарамай, айрим ҳолларда ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг меҳнатда майиб бўлиши, иш жараёнида турли даражадаги жароҳатлар олилиши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши ҳолатлари ва бунда иш берувчилар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаган ҳолатлари кузатилади.

         Бугунги кунда республикадаги турли соҳаларда, айниқса хусусий сектордаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат шартномаси тузмасдан, оғзаки келишув тузиб меҳнат қилаётганларнинг кўпчиликни ташкил этади. Бу эса, уларнинг ҳуқуқларини поймол этишига замин яратиб бермоқда.

Хўш, меҳнат шартномаси тузилмагани ишчи барча ҳуқуқлардан мосуво эканлигини англатадими?..

Йўқ, аслида бундай бўлмаслиги керак. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасида ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади, деб белгилаб қўйилган.

Умумий қоидага кўра меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим томонидан имзоланган пайтдан бошлаб ёки иш берувчининг ёхуд уни вакилининг хабари ва топшириғи билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган пайтдан бошлаб кучга киради.

Меҳнат Кодексининг 189-моддаси талабларига кўра, ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сонли қарори билан “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида” низом тасдиқлан бўлиб, Низом меҳнат шароитлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги, асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек аттестациядан ўтказувчи ташкилотларга қўйиладиган талабларни белгилайди.

Мазкур низом барча иш берувчилар — корхоналар, муассасалар, ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.

Ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнатда майиб бўлиши, шунингдек иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда шикастланиши натижасида етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади. Меҳнатда майиб бўлиш оқибатида ёки ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли ходимга етказилган зарарни иш берувчи, башарти зарар унинг айби билан келиб чиқмаганлигини исботлаб бера олмаса, тўлаши шарт.

Ўз меҳнат вазифаларини бажараётган вақтида юқори хавф манбаи натижасида ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни иш берувчи, башарти зарар уни бартараф қилиш мумкин бўлмаган кучлар туфайли ёки жабрланувчи қасддан қилганлиги оқибатида келиб чиққанлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шарт.

Шуни назарда тутиш лозимки, боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни қоплашга бўлган ҳуқуқ хотин (эр)нинг янгидан никоҳ тузган ҳолатларида ҳам сақланиб қолади. Шунингдек, вафот этган шахснинг вояга етмаган болалари бошқа шахс томонидан фарзандликка олинганда ҳам уларнинг зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Чунки қонунда бундай ҳолатларда ушбу шахсларга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти бекор бўлиши назарда тутилмаган.

Майиб бўлиш ёки соғлиққа етказилган бошқа шикастланиш ёхуд боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан тўланадиган зарарни қоплаш ҳақидаги даъволар Фуқаролик процессуал кодексининг 145, 241-моддалари талабларига мувофиқ, даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги суднинг ёхуд даъвогар яшаб турган жойдаги суднинг судловига тааллуқлидир.

Майиб бўлиш ёки соғлиққа етказилган бошқа шикастланиш ёхуд боқувчиси вафот этганлиги натижасида келиб чиққан зарарларни қоплаш ҳақидаги даъво аризаларини беришда даъвогарлар суд харажатларини тўлашдан озод этиладилар.

Касаба уюшмаси қўмитасининг ёки бошқа вакил қилинган ваколатли орган томонидан берилган жабрланувчининг айб даражасини аниқлаш ҳақидаги хулоса иш бўйича далиллардан бири ҳисобланиб, ФПК 67-моддасига мувофиқ, ишда мавжуд бўлган бошқа далиллар мажмуи билан биргаликда суд томонидан баҳоланади.

Айрим ҳолларда ходим иш вақтида автотранпорт ҳалокатига учраб вафот этиш ҳолатлари кузатилади. Меҳнат кодексининг 114-моддасига кўра, ходим иш тартиби ёки графикига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ, ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади. Юқорида таъкидланган Меҳнат кодексининг 189-моддасига мувофиқ ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнатда майиб бўлиши, шунингдек иш берувчи томонидан ажратилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда шикастланиши натижасида етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади. Шунга кўра, иш берувчини моддий жавобгар деб эътироф этиш учун, ходжимнинг қайси автомашинада автоҳалоткатга учраганлиги ва ушбу ҳалокат кимнинг айби билан содир бўлганлигини аниқлаш лозим. Мазкур масала юзасидан худудий меҳнат органларининг давлат мехнат техника инспекторларига мурожаат килинса, мехнатда майиб булганлиги ёки бошка холатда майиб булганлиги хакида хулоса берилади. Шунга асосан якуний хулоса чикарилади.

Майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказганлик, шунингдек, боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ишлар ҳамда меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича қўзғатилган ишлар, башарти тарафлар бир туман ёки шаҳарда жойлашган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай, бошқа ҳолларда эса, йигирма кундан кечиктирмай кўрилиши лозим.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.