Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ҲАЛ ЭТИШ


Бугунги кунда ривожланган давлатларда муаммо ва низоларни судгача ҳал этишнинг замонавий механизмлари жорий қилиниб, самарали ишламоқда. Чунки ўзаро келишув битими тузиш ёки низони ҳал этишнинг бошқа муқобил усулларидан фойдаланиш, суд орқали низолашишдан кўра ҳам қулай, ҳам камҳаражатли бўлади. Хорижий мамлакатларда низони суд орқали ҳал этиш энг охирги инстанция ҳисобланади.

Мамлактимизда ҳам бу институтлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ҳамда “Медиация тўғрисида”ги қонунлари айнан низоларни судгача ҳал этиш масаласига қаратилган. Лекин қонун нормаларини ишлатиш юзасидан айрим муаммолар бартараф этилмагани, ҳакамлик судлари институти ҳамда медиаторлик институти ривожланмагани сабабли низолашаётган тарафлар бу имкониятлардан деярли фойдаланмайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 17 июнь куни имзоланган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш, уларнинг фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган институтларга айланишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур ҳужжат билан эксперимент тариқасида 2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича аппелляция кенгашлари ташкил этилиши белгиланди.

Бу янги институт бўлиб, агар давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари натижасида фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, фуқаролар ва юридик шахслар Апелляция кенгашларига мурожаат қилишлари мумкин бўлмоқда. Албатта, бу фуқаролар ва юридик шахсларни тўғридан-тўғри судга ёки бўлмаса бошқа ваколатли давлат органларига мурожааат қилиш ҳуқуқини чеклайди дегани эмас. Фуқаронинг одил судловга бўлган ҳуқуқи ҳар доим ҳам таъминланади.

Апелляция кенгаши ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ҳуқуқларини тиклашда самарали ва тезкор институт бўлиб, юзага келган низоларни судгача кўриб чиқиб, уларни бартараф этиш чораларини кўради.

Бу институт ўзини оқлаб, самарали ишлаган тақдирда бошқа давлат органларида ҳам жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга қарор билан низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация марказлари ҳамда профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган низоларни муқобил усулда ҳал этиш Марказлари нодавлат нотижорат ташилоти сифатида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатишига ҳуқуқий асос яратилди.

Бу марказлар медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитраж томонидан низоларни муқобил усулда ҳал этиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Марказларга медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитраж соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш, етакчи хорижий медиация ва арбитраж марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу соҳада тажриба алмашиш ҳамда лозим ҳолларда хорижий медиаторлар ва арбитрларни ҳам жалб этиш ваколатлари берилгани медиация ва низоларни муқобил ҳал этишнинг бошқа усуллари ривожланиши ва оммалашувига хизмат қилади.

Бундан ташқари олий таълим муассасаларида илғор хорижий тажрибалар асосида медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж соҳалари учун низоларни ҳал этишнинг муқобил йўналишларига оид бўлган магистратура мутахассисликлари ташкил этилиши ҳамда профессионал медиторлик касб сифатида Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига киритилиши бу касбнинг нуфузини ошишига олиб келади.

Агарда профессионал медиаторлик, халқаро тижорат арбитражи институтини самарали ишлашини таъминлай олсак, жуда кўп муаммолар судгача бартараф этилиб, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вақти ва маблағлари тежалади. Чет эл инвесторларининг Ўзбекистонга ишончи ортади

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ҳамда “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун нормаларини амалиётда янада кенгроқ қўллаш жараёнини тезлаштиради.



                                                                                                                                     Навоий вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати