Янгиликлар
Тадбиркорлик субъектларига қулайликлар
Вилоят адлия бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари бошлиқлари ва ходимлари иштирокида ўқув семинар ташкил этилди.
Ушбу ўқув семинарда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари бошлиқлари ва ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сон қарори мазмун-моҳияти ҳамда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш борасидаги амалдаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сон қарорига асосан, 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини юридик шахс сифатида, якка тадбиркорни ҳамда юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳамда бир вақтнинг ўзида рухсат берувчи ҳужжатларни расийлаштириш учун рўйхатдан ўтказувчи органга ариза берувчи интернет тармоғи орқали ҳам ариза-хабарномани ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, рўйхатдан ўтказувчи орган тадбиркорлик субъектига реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитасининг Интернет тармоғидаги тегишли идоравий сайтларидан фойдаланган ҳолда олинган СТИР ва ОКПО кодларини бериши, электрон шаклда тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи орган ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан имзоланиши ва бунда мурожаат этувчи ўзининг сўровномаси бўйича қоғозда расмийлаштирилган тегишли ҳужжатларни ўзи келган ҳолда ёки почта алоқаси орқали ҳам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига тадбиркорлик субъектининг аризасига кўра унинг тикланган нусхаси, шу жумладан электрон шаклдаги дубликати тақдим қилиниши, бунда давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида электрон шаклда аввал берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланаши белгилаб қўйилди.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар натижасида тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш борасида янада кенг қулайликлар яратилди.