Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Иқтисодий юксалишнинг зарур омиллари


Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб беш карра ўсди. Аҳоли даромадлари 8,7 баробар кўпайиб, халқимизнинг ҳаёт даражаси, фаровонлиги ошиб бормоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизнинг юксак суръатлар билан ривожланиб бораётгани кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётгани натижасидир. Бу жараёнда тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантиришга бўлган эътибор, ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун яратилган шарт-шароит миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашига замин яратди. Шу боис жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамасдан иқтисодиётимизнинг йиллик ўсиши сўнгги ўн йил давомида саккиз фоиздан ошди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур фармон мамлакатимизда барқарор ишбилармонлик муҳити ва максимал даражада қулай инвестиция иқлими яратилишида муҳим омил бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов. – Чунки шу асосда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлиги оширилди. Тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитлари яхшиланди.

Бунинг натижасини жорий йилда тадбиркорлик субъектлари кўпайгани, соҳанинг иқтисодиётдаги улуши ўсгани ва муҳими тармоқда аҳоли бандлиги ошганида кўриш мумкин. Жумладан, жорий йилнинг ярмида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли 14,3 мингга яқин янги кичик бизнес субъекти иш бошлади. Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 43,9 фоизни ташкил этиб, иш билан банд бўлган аҳолининг 76,4 фоизи шу секторда фаолият юритмоқда. 2014 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тизимли асосда амалга ошириш натижасида жорий йил бошидан буён беш юз мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилган бўлса, унинг салмоқли қисми тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

Президентимизнинг юқорида номи қайд этилган фармонига кўра, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштириш ва уларни доимий равишда янгилаб бориш вазифаси юклатилган.

Бу амалиётда тадбиркорлик субъектларига керакли барча маълумотларни ташкилотларнинг расмий веб-сайтидан тезкорлик билан олиш ва ундан унумли фойдаланиш борасида жуда катта қулайлик яратмоқда. Чунки бундай шаффофлик бўлган жойда энди тадбиркор идорама-идора юриб вақтини, маблағини совурмасдан, ишига унум ва барака киритади.

Тадбиркорларнинг бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш борасида адлия идоралари уларга зарур ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб бориш билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тижорат банклари ҳамда бошқа идораларнинг веб-сайтларини ҳам ўрганиб бормоқда. Бу жараёнда, афсуски, фармон талабларига тўлиқ риоя этилмаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Масалан, Сурхондарё вилояти Қизириқ ва Шеробод туманлари ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари умуман ташкил этилмаган. Бухоро вилояти Когон тумани ҳокимлигининг “Когон туманидаги қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек, машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги қарори тадбиркорларга бир қатор мажбуриятлар юклаган бўлса-да, бу ҳокимликнинг веб-сайтида жойлаштирилмаган. Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ҳокимлигининг расмий веб-сайтидаги маълумотлар сўнгги марта жорий йилнинг июнь ойида янгиланган бўлиб, унда тадбиркорлар билан ўзаро муносабат масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштириш бўйича алоҳида бўлинма ташкил этилмаган.

Фармонда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банк хизматлари учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилиниши белгиланган. Бироқ айрим тижорат банклари томонидан ҳанузгача бундай тўловлар ундириб келинаётгани аниқланди.

Жумладан, Андижон вилояти Улуғнор туманидаги “Мамажон бува” фермер хўжалигидан солиқ органи ҳисоб рақамига 8 миллион 286 минг 300 сўм миқдорида тўловни ўтказишда “Агробанк”нинг Улуғнор тумани Оқ-олтин филиали томонидан 21 минг 369 сўм банк хизмати учун ҳақ ундирилган.

Худди шу каби “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Янгийўл туманида фаолият кўрсатаётган “Шаҳзодбек ойл плюс” масъулияти чекланган жамиятининг ҳисобварағидан давлат бюджетига солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда жорий йилнинг 15 апрелидан 15 июлигача 700 минг сўмдан зиёд маблағ ноқонуний ушлаб қолинган.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Ёрқин юлдуз тимсоли” масъулияти чекланган жамияти томонидан ягона солиқ тўлови бўйича пул маблағларини бюджетга ўтказишда Миллий банк Тўрақўрғон тумани филиали томонидан 66 минг сўм банк хизмати учун тўлов ундирилган. Бу каби қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, айбдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортишни таъминлаш мақсадида адлия органлари томонидан тегишли идораларга 90 тақдимнома, 173 огоҳнома ва кўрсатмалар киритилди. Судларга ўнга яқин даъво ариза тақдим этилди.

Умуман айтганда, жорий йилда адлия органлари томонидан тадбиркорлар, шунингдек, хорижий инвесторлар манфаатлари кафолатланган бошқа қонун ҳужжатлари ижро этилиши юзасидан ҳам кўплаб ўрганишлар ўтказилди. Натижада тадбиркорлик субъектларини маъмурий жавобгарликка тортишда 6 мингдан зиёд, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда 1,8 мингга яқин, лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда 1,3 мингдан ортиқ, ер майдони ажратишда 60 қонунбузилиш ҳолати аниқланди.

Масалан, Фарғона вилояти Учкўприк тумани давлат санитария эпидемиология назорати маркази томонидан “Фермер–2001” фермер хўжалигида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг рухсатисиз текшириш ўтказилган. Ушбу ҳолат бўйича адлия органи томонидан киритилган тақдимномага асосан марказнинг икки нафар бўлинма мудирига интизомий жазо берилди.

Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “Ойбек” хусусий корхонасига унинг бузиб ташланган биноси учун туман ҳокимлиги томонидан етказилган моддий зарар асоссиз равишда тўлаб берилмаган. Бу ҳақда вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилгани натижасида туман ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 13,6 миллион сўм ундирилди.

Аниқланган қонунбузилишлар ва уларни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 807 тақдимнома, 641 огоҳнома киритилди. Натижада 976 нафар айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, улардан 34 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 529 ноқонуний қарори бекор қилинди. Тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокида корхоналарнинг манфаатини кўзлаб судларга жами 11,5 миллиард сўмлик 766 даъво ариза киритилди. Айни пайтгача даъволарнинг аксарияти қаноатлантирилиб, тадбиркорлар ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.

Иқтисодиётимизнинг таянчи, жамиятимизда ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган тадбиркорларнинг манфаатлари қонун ва давлат ҳимоясида. Соҳанинг ривожига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар сўзсиз бартараф этилади.