Янгиликлар
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишМаъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш
Мустақиллик йилларида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, бу соҳада қонунийликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш йўналишида муайян ишлар амалга оширилди. Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари иштирокида ташкил этилган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш амалиёти” мавзусидаги анжуманда маъмурий амалиётни қўллашнинг муҳим жиҳатлари ва бу борадаги ислоҳотлар атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш шароитида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали механизми яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қонунчиликка риоя этиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий атроф муҳитни муҳофаза қилишга, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатдир. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Кодекснинг янги таҳрирдаги лойиҳасида авваламбор жиноят қонунчилигини декриминаллаштириш, яъни айрим қонунбузарлик ҳолатларини жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказишни кўзда тутиш зарурлиги белгилаб берилган.
Анжуманда қайд этилганидек, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самараси натижасида иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий жазо чораларини қўллаш имкониятлари анча кенгайтирилди. Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги ҳақидаги қоидалар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси қонун ижодкорлиги фаолиятининг таркибий қисми сифатида, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, унинг сифатини яхшилаш, келгусида уни ривожлантиришни режалаштиришга оид чора-тадбирларнинг амалга оширилишини назарда тутади.
Бу эса, биринчидан, қонун нормаларининг қўлланиш даражасини тизимли таҳлил этиш, ижтимоий ҳаётда юз бераётган жараёнларни кузатишни ташкил этиш, иккинчидан, қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётида содир этилиши мумкин бўлган камчиликларнинг олдини олиш ва бартараф этишга доир тавсияларни ишлаб чиқиш, учинчидан, қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларини ахборот билан таъминлаш имконини яратади.
Тадбир давомида Адлия вазирлиги томонидан Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига кўмаклашиш” лойиҳаси ҳамкорлигида нашр этилган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш бўйича ҳужжатлар намуналари” деб номланган китобнинг тақдимоти ҳам ташкил этилди. Ушбу тўплам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда зарур ҳужжатлар намуналарини ўз ичига олган бўлиб, давлат органларининг мазкур соҳадаги фаолиятида қонунийлик ҳамда ягона амалиётни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбек ва рус тилларида яратилган қўлланмада маъмурий жавобгарликка оид қонун ҳужжатларини қўллашда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларни тўғри квалификация қилиш, баённома ва қарорларни асосли расмийлаштириш, маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни ижро этиш, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ва соҳага оид бошқа бир қатор масалаларга алоҳида аҳамият қаратилган. Тўплам 6 бўлимдан иборат бўлиб, энг муҳими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда зарур бўлган ҳужжатлар намуналарини ўз ичига олган.
Анжуманда сўзга чиққанлар, мазкур нашр давлат органларининг маъмурий жавобгарликка оид қонун ҳужжатларини қўллаш фаолияти самарадорлигини янада ошириш, қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашини қайд этишди.