Янгиликлар
“Бахт кошонаси” ишга тушди
Юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган давлатимиз сиёсатининг асосий мазмун-моҳияти ҳар томонлама етук ёш авлодни камол топтиришдан иборатдир. Бинобарин, 2014 йилнинг “Cоғлом бола йили” деб эълон қилингани ҳам буюк келажак ҳақида қайғуриш, деб изоҳласак бўлади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Оила соғлом экан жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир”.
Бугун оиланинг беназир нуфузи, улкан ижтимоий аҳамиятга молик воқелик экани ҳеч кимга шубҳа туғдирмайди. Оила жамиятнинг асосий ижтимоий таянчидир. Ҳар бир оиланинг бахтиёрлиги ва фаровонлиги пировард натижада жамиятнинг барқарорлиги, гуллаб-яшнаши ҳамда фаровонлиги шартидир.
Азалдан ўзбек халқи болажон халқ, шундай экан, мамлакатимизда соғлом авлодни вояга етказиш, Она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда фуқаролар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар уларнинг ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳи ила хизмат қилишларига замин яратмоқда.
Мустақиллик йилларида Адлия вазирлиги томонидан ҳудудлардаги ФҲДЁ бўлимларининг моддий техника базаларини яхшилаш, уларни замонавий бинолар билан таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида, биргина Навоий шаҳар, Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Нурота туман ФҲДЁ бўлимлари барча қулайликларга эга бўлган янги биноларда фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда Қизилтепа туманида ана шундай янги бино фойдаланишга топширилиши арафасида.
“Соғлом бола йили”да Зарафшон шаҳрида ҳам замонавий “Бахт уйи” биносининг фойдаланишга топширилганлиги ҳам бундай ишларнинг мантиқий давоми, десак муболаға бўлмайди.
Бу ерда ФҲДЁ бўлими ходимлари фаолият кўрсатиши учун, ёшларнинг никоҳларини тантанали қайд эттириш учун барча қулайликлар яратилган.
Шу билан бирга, мазкур бинода Зарафшон шаҳридаги 1-сон давлат нотариал идорасининг 3 нафар нотариуслари фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатадиган бўлди.
Умумий қиймати 380 милллион сўмга сотиб олинган ушбу бинода қўшимча тарзда 58 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Бинонинг очилиш маросимида икки ёшнинг никоҳи Зарафшон шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан тантанали тарзда қайд этилиб, уларга никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳнома топширилди.