Янгиликлар
Давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги
“Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси” ижроси бўйича Адлия вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонун ижодкорлиги соҳасида амалга ошираётган ишлари юзасидан журналистларга батафсил маълумот берилди.
Анжуманда қайд этилганидек, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятини янада самарали ташкил қилинишига, улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати яхшиланишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бинобарин, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш соҳасида зарур норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган бўлиб, бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятига қўйилган талаблар янада кучайтирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бу – норма ижодкорлиги жараёнининг ижодий ёндашув ва кўп меҳнат талаб қиладиган, шунингдек, лойиҳалардаги норматив кўрсатмаларни шакллантириш маҳоратига эга бўлган интеллектуал куч талаб қилинадиган босқичидир. Ташкилий тадбирлар, катта хажмдаги таҳлилий ишлар, зарурий материаллар ва маълумотлар тўплаш, лойиҳа матнини тузиш ва уни ҳар томонлама асослантириш, лойиҳани келишиш, ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан ўтказиш шулар жумласидандир. Мазкур жараёнларни амалга ошириш эса ўз навбатида юридик хизмат ходимларининг шахсий масъулиятларини янада оширишни талаб этади.
Албатта, бу жараёнда белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш Адлия органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Бунда асосий эътибор, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш ҳисобланади.
Ҳозирда адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 20 турдан ортиқ ҳужжатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб келинмоқда.
Бироқ тадбирда қайд этилганидек, ҳали айрим маҳаллий давлат ҳокимияти органларида бу борада бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланмоқда. Адлия органлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қонун ҳужжатларини туркумлаш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 231 та тақдимнома киритилган бўлиб, ушбу тақдимномаларга асосан 310 та қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган қарорлар бекор қилинган ҳамда 67 нафар масъул ходимлар интизомий жавобгарликка тортилган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятларини ўрганиш жараёнида юзага келаётган камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларга келгусида йўл қўймаслик мақсадида Адлия вазирлиги томонидан жойларда сайёр семинарлар ташкил қилиниши амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, бу борадаги муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича аниқ тавсия ва кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Матбуот анжуманида шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш уларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш, шунингдек норматив хусусиятга эга бўлган қарорлар лойиҳаларини адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, юридик хизматлар фаолиятини такомиллаштиришнинг зарурий талаблари юзасидан иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.