Янгиликлар
Экоҳаракат конференцияси
Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмасининг конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш бўйича Экоҳаракат конференциясига делегатлар сайлаш масаласига бағишланди.
Таъкидлаш жоизки, 2008 йил 25 декабрда қабул қилинган "Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, ўн бешта депутатлик ўрни ўз сафига кенг жамоатчиликни, мутахассислар, олимлар, шунингдек, шу соҳада фаолият кўрсатаётган ННТларни бирлаштирган жамоат ташкилоти — Экоҳаракатга ажратилди. Шу тариқа 2009 йил 27 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда Экоҳаракатдан сайланган 15 нафар депутат парламентда ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун депутатлар ўринларини квоталаш институти жорий этилгани жамият ҳаётида муҳим бўлган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик муаммоларни бартараф этиш масалаларини ечишда парламентнинг ролини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтган давр мобайнида айнан Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ташаббуси билан 5 та янги қонун қабул қилинди. Айниқса, "Экологик назорат тўғрисида"ги Қонун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ўрни ва ролини аниқ белгилаб берувчи, экологик назоратни ташкил этиш ва уни амалга оширишни тартибга солувчи яхлит меъёрий ҳужжат эканлиги билан эътирофга моликдир.
Айни пайтда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Чиқиндилар тўғрисида"ги ва бошқа, жами 9 та қонун лойиҳаси ҳамда экология соҳасидаги иккита халқаро конвенцияга Ўзбекистоннинг қўшилиши бўйича таклифлар ишлаб чиқиш борасида иш олиб борилаяпти.
Анжуманда Низом талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик ҳаракати республика конференциясига 25 нафар делегат муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан сайланди.