Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида
Адлия вазирлигида адлия органлари ва муассасалари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Адлия вазири Н.Йўлдошев таъкидлаганидек, ҳисобот дарида фаолиятдан келиб чиқиб 72 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан 15 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. 225 та халқаро шартнома лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 248 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатига олинди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида давлат органларининг 1195 та ноқонуний қарорлари бекор қилиниб, ижроси тўхтатилди, 807 нафар шахс маъмурий, 20 нафар айбдор мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.
Судларга 102 миллиард сўмдан ортиқ даъво аризалар киритилиб, фаолият кўрсатмаётган 1493 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 40 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Юқоридаги рақамлардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, қонун ижодкорлиги, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд-ижро ишлари, тадбиркорлик, шартномавий ишлар, халқаро-ҳуқуқий муносабатлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таълим йўналишида амалга оширилган ишлар самараси салмоқли бўлди.
Хусусан, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёни тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Қонунчиликни мустаҳкамлаш ва айрим соҳаларга оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ҳам таъминланди. Жумладан, маъмурий амалиётни такомиллаштириш, давлат органларига бу борада услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда зарур бўлган 40 дан ортиқ ҳужжатлар намуналарини ўз ичига олган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш бўйича ҳужжатлар намуналари” номли тўплам нашр этилди. Юридик хизмат ходимларига услубий раҳбарликни таъминлаш мақсадида, Юридик хизмат ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами тайёрланди.
Аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунларини ташкил этиш тадбирлари жорий этилиб, унга кўра ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар билан бирга жойларда режа асосида “бепул масалаҳат бериш кунлари” ўтказилмоқда. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари давлат нотариал идоралари учун қўшимча штат бирликлари жорий этилди.
Давлат органларининг юридик хизматлари фаолиятини ташкил этиш соҳасида Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг юридик хизматлар базаси янгитдан шакллантирилиб, юристларни адлия органларида аттестациядан ўтказиш тизими такомиллаштирилмоқда.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга, айрим адлия органлари ва муассасалари фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлар кескин танқид қилинди. Хусусан, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоят адлия органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, иш режаларини тузишдаги камчиликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив ҳуқуқий ҳужжатларини экспертизадан ўтказишдаги муаммолар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган зарур кўрсатмалар берилди.
Мажлисда шунингдек, ижро интизомини кучайтириш соҳа фаолиятини тизимли ўрганиш ва назорат қилиш, иш режаларни сифатли ижросини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасини доимий таҳлил қилиш ва мувофиқлаштиришда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, тадбиркорлар ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш, “Ишонч телефони” билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор масалалар ҳам муҳокама этилди ҳамда Ҳайъат мажлисининг қарори қабул қилинди.