Янгиликлар
Конституция – тараққиётимиз ва фаровонлигимиз кафолати
Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Адлия вазири Н.Т.Йўлдошев тадбирни очар экан, йиғилганларни қутлуғ сана билан табриклаб, Асосий Қонунимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган беқиёс аҳамияти хақида маъруза қилди.
Мана, 22 йилдирки, биз давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини белгилаган, эзгу мақсадларимизнинг пойдеворини мустаҳкамлаган, шахсан Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мукаммал ишлаб чиқилган Асосий қонунимиз асосида яшамоқдамиз.
Жамиятимизда юз бераётган барча ижобий ўзгаришлар, Конституциямизда белгиланган талаб ва қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодасидир.
Биз ташқи сиёсатимизни шакллантиришда конституциявий тамойилларга амал қилган ҳолда, аввало, ўз ақл - идрокимизга, куч - қудратимизга, маънавиятимизга, буюк аждодларимиз меҳнати ила яратилган улкан бунёдкорлик салоҳиятига таяндик.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, бугун Ўзбекистонимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан - йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў - эътиборининг тобора юксалиб бораётгани - буларнинг барчаси Конституциямизнинг асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Истиқлолимизнинг 23 йиллик даври мобайнида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар ўсди. Аҳоли сони айни шу даврда қарийб 10 миллионга кўпайиб, бугунги кунда 31 миллион кишини ташкил этаётгани ҳисобга олинадиган бўлса, аҳоли жон бошига нисбатан ўсиш 3 баробардан зиёдни ташкил этиши Ўзбекистоннинг катта тараққиёт йўлини босиб ўтаётганлигидан далолат беради.
Шу ўринда жамиятимизни эркинлаштириш, бизнес юритиш учун қонунчиликнинг ҳамда зарур шароитларнинг мунтазам равишда такомиллаштириб борилгани иқтисодиётимизни изчил ва барқарор ривожлантиришда, аҳолимизнинг ҳаёт даражасини юксалтиришда катта ўрин тутганини қайд этиш лозим.
Бунга ўз навбатида Конституциямизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб - қувватлашдаги кафолатлар ҳуқуқий асос бўлмоқда. Фақатгина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етди.
Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётида доллар ҳисобида 162 млрд.дан ортиқ капитал маблағ ўзлаштирилган бўлиб, бунинг 56 млрд доллардан зиёди хорижий инвестициялардир.
Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовутни қисқартириш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда. Қишлоқ жойларида қулай ҳамда барча шароитларлари мавжуд уй - жойларнинг қурилиши халқимизнинг ҳаёт даражасини оширишга қаратилган хайирли ишга айланди. Охирги 4 йил ичида 159 та қишлоқ жойларида 23 мингдан ортиқ турар жойлар, мингдан ортиқ ижтимоий инфраструктуралар барпо этилди. Биргина, жорий йилда 10 мингдан ортиқ намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Ўзбекистоннинг бой тарихи ҳамда миллий қадриятлари асосида босиб ўтган мустақил тараққиёт йўли жаҳон ҳамжамиятидан мамлакатимизнинг муносиб ўрин олишига ҳамда халқаро эътироф этилишига сазовор бўлмоқда.
Яқинда Буюк Британиянинг нуфузли “Легатум” халқаро институти ҳар йили янгиланиб борадиган Дунё мамлакатларининг фаровонлик индексини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон жаҳон фаровонлик рейтингида олти поғона юқорига кўтарилиб, 57 - ўринни эгаллади. Натижада Ўзбекистоннинг бу йилги рейтинги Руминия, Мексика, Россия, Индонезия, Сербия, Озарбайжон, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар рейтингидан ошиб кетди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда эришган ва қўлга киритилаётган барча ютуқларимиз замирида шубҳасиз Асосий Қонунимиз мужассам. Буни жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси кўриб - билиб, ютуқларга дахлдорлик туйғуси ва фаровон турмушидан шукроналик ҳиси билан яшамоқда.
Мен юқорида мамлакатимизнинг ижтимоий - иқтисодий соҳаларида амалга оширилаётган ишларга шунчаки тўхталмадим. Эришилган барча ютуқларда Адлия органларининг мамлакатда бош қонун ижодкори сифатида беқиёс ҳиссаси борлигини мамнуният билан қайд этишни истардим. Эътиборларингизни Сизларнинг хизматларингиз билан тизимда амалга оширилаётган айрим ишларга қаратмоқчиман.
Сўнгги уч йил мобайнида Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 40 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Қонун ижодкорлиги жараёнида, Давлатимиз раҳбарининг кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ташаббуслари асосида қонунларни ишлаб чиқишда янгича тартиб жорий этилиб, соҳавий фаолиятдан келиб чиққан ҳолда бу жараён ривожига тегишли тармоқлар эътибори кучайтирилди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимиз ижтимоий - иқтисодий, ҳуқуқий соҳалари ривожига хизмат қилувчи 9 та қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ходимларимиз бевосита иштирок этди.
Конституция чин маънода қонун ижодкорларининг байрамидир.
Мен юқорида тизимда жамоанинг меҳнати натижасида қилинаётган ишларнинг айримлари ҳақида сўз юритдим, холос. Зеро, эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли ишлар тизим мавқеини юксалтиришга, ютуқлар салмоғини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, соҳага малакали кадрларни танлаш, ижро ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, шартномавий муносабатлар самарадорлигини ошириш, юридик таълимнинг миллий рейтингини ошириш, ФҲДЁ ва нотариат органларида ҳужжатлар билан ишлашда қонунийликни таъминлаш бўйича ҳали қилиниши лозим бўлган ишларимиз кўп эканлигини ҳам таъкидламоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашаётган барча ходимларимизга вазирлик раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдираман.
Байрамона руҳда ўтган тадбир якунида Адлия вазири тизимда самарали меҳнат фаолиятини юритаётган бир гуруҳ ходимларга давлат мукофатлари ва Адлия вазирлигининг фахрий ёрлиғини топширди.