Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Участка сайлов комиссиялари аъзолари учун семинар


Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 2 декабрдаги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ҳудудий семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Навоий шаҳридаги "Фарҳод" маданият саройида ана шундай семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ўтказилган семинарда мамлакатимизда фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишлари учун конституциявий асослар яратилгани, фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи кафолатлангани, юртимизда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг мустақил институти Марказий сайлов комиссия шакллантирилгани ҳамда унга конституциявий мақом берилгани таъкидланди.

Вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Джураев сайловлар республика ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён эканлигини ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда участка сайлов комиссияларига катта масъулият юкланишини алоҳида қайд этди.

Дарҳақиқат, ушбу бўғин участка бўйича сайловчилар рўйхатини тузади, сайлов куни ўз турар-жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилиб олиш, аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этиш, овоз бериш бинолари ва сайлов қутилари ҳамда бошқа сайлов ашёлари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди.

Шунингдек, участка сайлов комиссиялари сайлов куни сайлов участкасида овоз беришни ташкил этади, сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади, сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ташкил этиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлари номзоди Г. Маликова мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар, хусусан, сайлов-олди ташвиқоти турлари ва усуллари ҳақида тушунча берди.

Тадбирда сайлов қонунчилиги талабларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш борасида халқаро стандартлар ва уларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилиниши, бу борада участка сайлов комиссиясининг вазифалари ҳамда мазкур сиёсий тадбирни ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Участка сайлов комиссиялари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини қонун ҳужжатларига қатъий амал қилган ҳолда очиқ, ошкора ва холислик мезонлари асосида ташкил этиш лозимлиги уқтирилди.

Семинар-тренингда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Ж.Норов, Марказий сайлов комиссияси котиби К.Адилов ҳамда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ў.Турсунов иштирок этди.