Янгиликлар
ННТлар фаоллиги ошмоқда
Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий форумининг ҳудудий босқичи ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлими ва қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ижтимоий шериклик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, кекса ҳамда ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари кенг муҳокама этилди.
— Айни пайтда вилоятда 372 та нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлиб, ижтимоий соҳаларда улар фаоллиги алоҳида сезилмоқда, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлими раҳбари Холмамат Раупов. Хусусан, жорий йилда вилоятдаги 12 та нодавлат ташкилот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва Фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант маблағларига эга бўлди. Эндиликда мазкур ташкилотлар экология, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби йўналишларда қатор лойиҳаларда иштирок этади.
Жумладан, вилоятдан жорий йилги грант лойиҳаларида иштирок этган "Жонли табиат" нодавлат ташкилотига ҳам 23 миллион сўм маблағ ажратилди.
— Лойиҳамизнинг асосий мақсади, вилоятнинг Учқудуқ туманидаги Тошўрмон археологик топилмаси майдонига табиий тарихий ҳудуд мақомини бериш ҳамда халқаро ва маҳаллий сайёҳларни у ерга жалб қилишдан иборат, — дейди ташкилот раҳбари Эшмамат Тоғаев. Натижада объект тарихини ўрганишга қизиқиш тобора юксалиб боради.
Форум давомида давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ўзаро ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш бўйича меморандумлар имзоланди.