Янгиликлар
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш
Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига доир қабул қилинган узоқ ва давомли стратегияни амалга ошириш жараёнларининг изчил бориши ҳамда устувор йўналишлар, жумладан, суд-ҳуқуқ ва ахборот соҳасини ислоҳ қилиш йўналишида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида, Адлия бошқармаси, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий ҳудудий бўлинмаси ва вилоятдаги бир қатор оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Матбуот анжуманини Адлия бошқармаси бошлиғи А.Рўзиев кириш сўзи билан очиб, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да билдирилган таклифлари юзасидан ўтган давр давомида қабул қилинган 27 та қонун, уларни кенг миқёсда муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнининг ўзи давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини, сўз ва ахборот ҳамда сайлов эркинлигини таъминлаш, сайлов тизими ва фуқаролик институтларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этганлигини, шунингдек “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг Самарқанд ва Бухоро вилоятларида синовдан ўтказилганлигини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Умаров сўзга чиқиб, Концепциянинг асосий мазмун моҳиятини учта жиҳати яъни биринчидан, мавжуд қонунларга ўзгартириш киритиш иккинчидан, мавжуд қонунларни янги таҳрирда қабул қилиш учинчидан, ҳали қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган янги қонунларни қабул қилиш хақида гапириб, Концепцияда қонунларни самарали равишда ҳаётга тадбиқ қилиш юзасидан бир неча ташкилий - моддий шарт - шароитларни йўлга қўйиш, янги ҳуқуқий механизмларни жорий этиш, турли соҳалар фаолияти самарадорлигини оширишда бир қанча чора – тадбирлар ва ҳаракат Дастурларини ишлаб чиқиш лозимлиги ҳам кўрсатиб ўтилганлигини билдирди.
Таъкидланганидек, Концепциямизда Президентимиз томонидан 6 та йўналишни такомиллаштириш бўйича таклифлар берилган бўлиб улар қуйидагилардир:
Биринчи йўналиш бўйича — Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш;
Иккинчи йўналиш бўйича — Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш;
Учинчи йўналиш бўйича — Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш;
Тўртинчи йўналиш бўйича — Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш;
Бешинчи йўналиш бўйича — Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш;
Олтинчи йўналиш бўйича — Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришдир.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократик асосда янада ислоҳ этиш, мустаҳкамлаш ва эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларда парламентнинг алоҳида ўрин тутганини таъкидланиб, суд – ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўналишида ЖПКнинг 29-31 бобларига, 439 –моддасига, 321-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинганлиги, “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилинганлиги ҳамда 2011-йил 23-августда Президентимизнинг “Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлигини айтиб ўтилди.
Навоий вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Ж.Умирзоқов, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш йўналишида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб амалга киритилиши ҳамда ушбу қонуннинг вазифалари тўғрисида гапириб ўтди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Анжуман якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан қонунчилик доирасида тегишли жавоблар берилди.