Янгиликлар
Шеърият мулки султони
Навоий вилоят адлия бошқармасида “Алишер Навоий ижодида инсонпарварлик ғоялари” мавзусида маънавият соати ўтказилди.
Маънавият соатида Адлия бошқармаси бошлиғи А.Рўзиев, бошқарма бўлим бошлиқлари, масъул ходимлари ҳамда Навоий давлат педагогика институти катта ўқитувчиси З.Жумаевлар иштирок этдилар.
Тадбирда таваллуд кунларининг 574 йиллиги нишонланаётган буюк мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий бобомизнинг муҳтарам юртбошимиз И.Каримов томонидан “Алишер Навоий халқимизнинг онг ва тафаккури, бадиий маданияти тарихига бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир” дея билдирган фикрлари айтаб ўтилди.
Тарбирда таъкидланганидек, Навоий бобомиз ғазал мулкининг султони, шеъриятимиз осмонининг порлоқ юлдузи, авлиёларнинг авлиёси, сўз мулкининг соҳибқирони, шеъри ҳақ, яхши хулқлар манбаи, дунё буюкларининг пешвоси каби юксак унвонларга сазавор бўлдилар. Асарлари эса қуёшга, уммонга, туганмас маънавий чашма, олиб адоғига етказиб бўлмас хазинага тенглаштирилди, улуғ шоиримиз ўз даврида туркий тилни эътиборсизлик ҳолатидан юксаклик осмонига олиб чиқди.
Шоиримиз асарларида инсонга муҳаббат, яхшилик, тўғрилик, поклик, илму ҳунар, гўзаллик, ота – она, устозу пирга эҳтиром, дўстлик, ободончилик каби қатор – қатор тушунчалар шоир ижодида мукаммал талқинини топганлиги каби ғоялар илгари сурилган.
Биз бугунги кунда комил инсон, маънавий баркамол шахслар ҳақида кўп гапирамиз. Бундай киши қандай бўлиши Навоий асарларида аниқ ифода этилган. Шоирнинг лирик асарларидан тортиб, “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Лисон ут-тайр”, “Насойим ул - муҳаббат” каби деярли барча асарларида ушбу масала у ёки бу тарзда баён этилган.