Янгиликлар
Сайлов ва фуқаролар
Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида сайловларнинг аҳамияти ниҳоятда муҳим, зеро сайловлар натижасида мамлакат фуқароларининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки таъминланади. Бу эса халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлигини ифода этади.
Шу муносабат билан, Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси тизимидаги УЯ 64/46 - жазони ижро этиш муассасасида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлари мазмун-моҳияти юзасидан ўқув-семинари ўтказилди.
Унда Навоий вилоят ички ишлар ва адлия бошқармаси масъул ходимлари иштирок этдилар.
Семинарда таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқи Конституциямизнинг 32-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади” деб мустаҳкамлаб қўйилган. Фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини сайлов йўли билан шакллантиришда иштирок этиши энг муҳим сиёсий ҳуқуқлардан бири эканлиги таъкидланди.
Шу билан бир қаторда, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунннинг 2-моддасида белгиланишича: “Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга. Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади”.
Учрашувда юқоридаги меъёрларнинг мазмун-моҳияти аниқ мисоллар асосида тушунтирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.
Бир сўз билан айтганда, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлаш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини таъминлаш, сайлов қонунчилигини халқаро андозалар асосида босқичма-босқич такомиллаштириш ҳамда сайловларни жаҳонда умумэътироф этилган демократик принциплар асосида ўтказишнинг ҳуқуқий асослари яратилгани иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Д.Эргашов, Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси