Янгиликлар
Тадбиркорлар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчига айланди. Бунда, албатта, тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қонунчилик тизимидаги янгиликлар билан таништиришга йўналтирилган маърифий тадбирларнинг аҳамияти беқиёс.
Шундай анжуманларнинг навбатдагиси Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан “Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни янада яхшилашнинг ҳуқуқий асослари” мавзусидавилоят прокуратураси, солиқ ва божхона органлари билан ҳамкорликда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зона ҳудудида фаолият кўрсатаётган корхоналар иштирокида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги тегишли Фармони билан “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилган. Ундаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг асосий йўналиши замонавий, юқори ишлаб чиқарувчанликка эга хорижий асбоб-ускуналар ва техникалар, технологик линиялар ва модуллар, инновация технологияларини татбиқ этиш ҳисобига юқори технологик, дунё бозорларида рақобатбардош маҳсулотларнинг кенг доирали турларини ишлаб чиқариш қилиб белгиланган.
Ҳозирги кунда ушбу ҳудудда 18 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларга алоҳида божхона, валюта ва солиқ режимлари, Ўзбекистон Республикаси норезидент фуқароларининг унинг ҳудудига кириш, ҳудудда бўлиш ва чиқиб кетишининг, шунингдек, улар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан яратилган имтиёз ва переференцияларнинг амалда қўлланилиши, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг самарали фаолият кўрсатиши учун берилган қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар қай даражада самарали фойдаланилаётганлиги мониторинг қилиб борилмоқда.
Учрашувда мамлакатимизда қулай сармоявий муҳитни яратишга доир қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тадбиркорлик субъектлари, айниқса, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун назарда тутилган бир қатор имтиёз ва преференциялар, соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, 2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланди.
Шунингдек, семинар иштирокчиларига 2014 йил 9 декабрида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Мазкур ҳужжат тадбиркорларга нисбатан солиққа оид санкцияларни қўллашда белгиланган қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатларининг кескин камайишига ҳамда кичик бизнес субъектларининг фаолият юритишига таъсир қиладиган сунъий тўсиқларни бартараф қилишга хизмат қилади.
Тадбир иштирокчиларига Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорлар субъектлари ҳамда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган фаолиятга оид далил ва рақамлар тақдим этилди. Ўтган ҳисобот даврида тадбиркорларнинг жами 133 та мурожаатлари қабул қилиниб, қонуний ҳал этилган.
Жумладан, тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга 8 млрд. сўмдан ортиқ 560 та даъво аризалари киритилган.
Давлат органларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклайдиган 75 та ноқонуний ҳужжатлари қонунга мувофиқлаштирилди ёки бекор қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
2014 йилда жами 58 та давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тадбиркорлик фаолиятига доир қонун ҳужжатларига риоя қилинишининг аҳволи ўрганилган.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қўлланилган таъсир чораларига асосан 271 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди. Улардан 7 нафар шахс лавозимидан озод этилган.
Анжуманда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятида вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг адлия органлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди.