Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси йўлида


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Адвокатура институти – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси йўлида” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.DSC02083.JPG

Мутахассисларнинг эътирофига кўра, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси узлуксиз жараён. Уни таъмин этиш ҳар қандай демократик жамият зиммасига катта масъулият юклайди. Бу соҳада давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан, замон талабларидан келиб чиқиб, таъсирчан механизмлар яратиб борилади. Бунда ҳар бир фуқаронинг малакали ҳуқуқий ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш эса муҳим омил ҳисобланади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасининг ажралмас қисми бўлмиш адвокатура институтини янада такомиллаштириш, унинг таркибини малакали, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган вакиллар ҳисобига тўлдириш, адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини кучайтириш, чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида соҳани ривожлантиришга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, соҳа мутахассисларининг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, ушбу касбнинг обрўси ва нуфузини янада ошириш, адвокатура институтини ислоҳ қилишда моҳият жиҳатдан янги босқични бошлаб берди.

Фармонда қайд этилган вазифалардан келиб чиқиб, Парламент томонидан 3 та қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ва 9 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Жумладан, қонунчилигимизда нафақат жиноий жавобгарликка тортилаётган ёки жабрланган шахснинг, балки гувоҳнинг ҳам ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини адвокат орқали ҳимоя қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолотларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Ушбу институтнинг ташкилий асосини такомиллаштиришга ҳам эътибор қаратилиб, адвокатлар палатаси тузилди. Палата адвокатуранинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган маърифий тарғибот-тадбирларни ўтказиш, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек, судда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имкониятини туманлар ва шаҳарларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш орқали таъминлаш, шунингдек, адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

DSC02083.JPGМатбуот анжуманида бир қатор далил ва рақамлар келтирилди. Ҳозирда мамлакатимизда 1300дан зиёд адвокатлик тузилмалари, шундан, қарийб 900 та адвокатлик бюроси, 400 дан ортиқ адвокатлик фирмаси, 65 та адвокатлар ҳайъати ва 1 та юридик маслаҳатхона фаолият кўрсатаётганлиги, ушбу тузилмаларда жами 3774 нафар соҳа мутахассислари фуқароларга юридик ёрдам кўрсатаётганлиги маълумот ўрнида айтиб ўтилди.

Оммавий ахборот воситалари вакилларини адвокат касбига қўйиладиган талаблар, лицензия беришнинг тартиб-таомиллари, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, қонунчиликда адвокат хизматидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари ҳақидаги саволлар қизиқтирди. Мутахассислар анжуманда кўтарилган барча масалалар юзасидан батафсил маълумот бердилар.

Тадбир сўнггида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда адвокатура институтининг ролини янада ошириш, бу соҳада унинг давлат органлари ва бошқа нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди, режалар белгилаб олинди.