Янгиликлар
“Lex.UZ” сайтининг янги имкониятлари
Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлардан эркин фойдаланишни ташкил этиш фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири саналади.
Шу мақсадда, Навоий вилояти адлия бошқармасида «LexUZ сайтининг янги имкониятлари» мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.
Тадбир Адлия вазирлиги масъул ходимлари, вилоят адлия бошқармаси ходимлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳуқуқшунослари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари ходимлари, тадбиркорлар субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан очиқ фойдаланиш имкониятини таъминлаш Адлия вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади.
Ҳозирги кунда унда қарийб 34 мингдан ортиқ ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, ҳар куни 6 мингдан зиёд фойдаланувчи ташриф буюрмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида, 2010 йил 1 январдан бошлаб барчанинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUz” дан бепул фойдаланиши жорий этилди.
Тадбир давомида “LexUZ” тизимининг янги дизайни ва имкониятлари, хусусан излаш тизимининг тубдан қайта ишланганлиги, унга янги кўринишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари, халқаро шартномалар, техник тусдаги ҳужжатларни излаш шакллари жорий этилганлиги ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар “LexUZ” тизими орқали аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат органлари учун зарур бўлган ҳуқуқий ахборотларни тарқатишнинг самарали ва кенг қамровли механизми яратилганлигини таъкидладилар.