Янгиликлар
ТАДБИРКОР ЭЛГА МАДАДКОР
Навбаҳор туман ҳокимлигида Ўзбкистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Навоий вилоят ҳокими, вилоят прокурори, вилоят адлия, солиқ бошқармалари бошлиқлари ҳамда вилоятдаги бир қатор тижорат банклари раҳбарлари шунингдек, тумандаги тадбиркорлар иштирок этдилар.
Семинарда юқоридаги Фармоннинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш, Фармонда кўрсатилган имтиёзлар ва переференцияларни тадбиркорлик субъектларига тушунтириш ҳамда назорат қилувчи органлар ходимларининг масъулиятини ошириш хусусида фикр юритилди.
Хусусан, Фармонга мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши, шунингдек, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кундан ошмаслиги тўғрисида тушунчалар берилди.
Шу билан бир қаторда, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди.
Таъкидланганидек, якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилади.
Семинарга таклиф этилган иштирокчилар ҳам ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.