Янгиликлар
ВАЗИФАЛАР САРҲИСОБИ
Навоий вилоят адлия бошқармасининг Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Бошқарма бошлиғи А.Рўзиев бошқарган мажлисда, 2015 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусида қилиниши лозим бўлган масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, адлия бошқармаси томонидан ўтган 2015 йил давомида соҳа фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг адлия бошқармасига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган норматив тусдаги 93 та қарор лойиҳалари белгиланган тартибда кўриб чиқилиб тегишли хулосалар берилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хорижий инвестиция ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини химоя қилиш ҳамда шартномавий ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасида бошқарма томонидан ҳисобот даврида жами 249 та ўрганишлар ўтказилиб, 25 998 дан ошиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида бошқарма томонидан жами 236 та тақдимнома, 303 та огоҳнома ва судларга жами 5,097 млрд. сўмдан ортиқ 635 та даъво аризалари киритилди.
Таъсир чоралари натижасида 388 нафар айбдор шахслар интизомий жавобгарликка (шундан 14 нафари лавозимидан озод қилинган), 81 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Бошқарма томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий хужжатларни такомиллаштириш мақсадида уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Адлия вазирлигига 104 та таклифлар киритилди.
Шунингдек, мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга айрим нотариал идора ва ФҲДЁ бўлимлари томонидан фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар кескин танқид қилинди ҳамда нотариуслар ҳамда мудир(а)ларнинг бу борадаги ахборотлари эшитилди.
Қонун ижодкорлиги, ижро интизоми бўйича масъулият ва шахсий ташаббускорликни ошириш, шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни янада кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва қонунийликни таъминлашда масъул ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳайъат мажлисида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.