Янгиликлар
Аҳоли орасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш омиллари
“Ҳуқуқий маданият даражаси фақатгина қонунларни билиш,
ҳуқуқий маълумотлардан хабардор бўлишдангина иборат эмас.
У – қонунларга амал қилиш ва уларга бўйсуниш маданияти демакдир.
У – одил судни ҳурмат қилиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун
судга мурожаат этиш эҳтиёжи демакдир. Ҳуқуқий маданият дегани –
турли можароларни ҳал қилишда қонунга хилоф кучлардан фойдаланишни рад этиш демакдир”.
Ислом Каримов
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Навоий вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Аҳоли орасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш омиллари”мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот марказининг худудий бўлими раҳбарлари, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Конференцияда бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишлари учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар, улардан унумли фойдаланиш, шу билан бир қаторда ёшларни четдан кириб келаётган турли ғоялар таъсиридан асраш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Таджиев “Ҳуқуқни қўллаш: назария ва амалиёт” мавзусида сўз юритиб, бу борада ҳозирги кунда мактаб ўқув дастурларида мавжуд бўлган «Жамиятшунослик», «Тарих», «Давлат ва ҳуқуқ асослари», «География» дарсларида ва синфдан ташқари тарбиявий ишларда давлат рамзларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги, ҳаётга қадам қўювчи ҳар бир ўсмир ўз республикасининг Қомусини билиши, унга амал қилиши, ёшларда Ўзбекистон Республикаси мадҳияси, герби ва байроғига нисбатан чуқур ҳурмат-эҳтиром туйғуларини тарбиялаш олдимизга қўйган улуғвор мақсадларимиздан бири эканлигини билдириб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ректори М.Алиев “Давлат бошқарув соҳасини ислоҳ этишда ҳуқуқий маданиятнинг ўрни” мавзусидаги маърузасида мустақиллик йилларида, ҳаётимизнинг барча соҳа ва жабҳаларини демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш, иқтисодий ва сиёсий соҳаларни либераллаштириш жараёнлари йўлида катта аҳамиятга эга бўлган давлат бошқарувини ислоҳ этиш, қонун ва қонунчилик нормалари қабул қилинганлиги долзарб аҳамият касб этганлиги хусусида фикр билдирди.
Бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишда халққа юридик билимлар бериш, яъни жамиятдаги ижтимоий-ҳуқуқий фаолликнинг зарурий шартлари бўлган демократик тамойилларни кишилар онгига чуқурроқ сингдириш муҳим аҳамият касб этаётганлиги масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ҳозирги даврда ҳуқуқий билим ва маданиятга бўлган талаб ва ҳуқуқий тартиботни таъминлашга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганлиги, талаба-ёшларнинг ҳуқуқий билими, маданияти ва маънавияти қанча юксак бўлса, ҳуқуқий давлат шунча кучли бўлади, мустақиллигимиз мустаҳкамланиб, барқарорлашиб бораверишида бу борада санъатнинг ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб бораётганлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.
Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳуқуқий онгини ривожлантириш фуқароларни амалдаги қонунчиликга Ўзбекистон Республикасининг қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш олдимизда турган энг муҳим долзарб масалалардан бири эканлигига алоҳида урғу берилди.
Ички ишлар вазирлиги Олий ҳарбий техника билим юрти масъул ходими Ш.Хотамов “Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ички ишлар идораларининг ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Илмий-амалий конференция баҳс-мунозара тарзида давом этиб, иштирокчилар мавзулар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.