Янгиликлар
Очиқликнинг ҳуқуқий асослари
Навоий шаҳридаги “Матбуот уйи”да “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот ҳизмати, вилоят адлия бошқармаси, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий вилоят ҳудудий бўлими ҳамда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган матбуот анжуманида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунчалар берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида Юртбошимиз томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузалари орқали мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш шунингдек янги қонунларни қабул қилишга доир бир қатор таклифлар берилди.
Концепциянинг 3-йўналиши ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш тўғрисида бўлиб, мазкур йўналишда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш белгиланган эди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан мақсад авваламбор:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Мазкур Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Такидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади, улар:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотни олиш ва тарқатиш;
- ахборотни олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиш;
- ахборот олишни рад этиш каби ҳуқуқларга эга бўлади.
Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари;
- ахборот хизматларининг хабарлари;
- расмий веб-сайтларининг;
- ОАВларининг материаллари Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари ҳисобланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги:
- ахборотларни эълон қилиш, чоп этиш;
- расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш;
- ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш;
- ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;
- очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш каби усуллар орқали таъминланади.
Шу билан бир қаторда, Қонунга мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг санаси қўйилиши ҳамда у ҳафтасига камида бир марта янгилаб борилиши кераклиги айтиб ўтилди.
Тадбир сўнггида иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига ташкилотчилар томонидан тегишли жавоблар берилди.