Янгиликлар
“Ягона дарча” марказлари тадбиркорлар хизматида
Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида Адлия вазирлигининг масъул ходимлари, “ягона дарча” марказлари ва давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар масъул ходимлари иштирокида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишга оид” Қўлланманинг тақдимотини ўтказиш юзасидан амалий ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, жойлардаги тадбиркорлик субъектлари, марказ ходимлари ва давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар вакилларига қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUZ”дан фойдаланиш тартибини ҳамда тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишни тушунтиришдан иборатдир.
Шу билан бир қаторда, ўқув машғулотида тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан берилган топшириққа асосан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамкорлигида амалга оширилган тадбирлар ҳақида ахборот берилди.
Бугунги кунда “Ягона дарча” марказлари аҳоли бориш учун қулай бўлган туман ва шаҳар марказларига жойлаштирилди, марказларнинг моддий техник базаси мустаҳкамланди, уларнинг кадрлар заҳираси шакллантирилиб, малакали мутахассислар билан тўлдирилди ҳамда “Ягона дарча” марказлари билан давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали амалга оширилиши белгиланди. Худди шундай яна кўплаб чора-тадбирларнинг ижроси таъминланди.
Бундан ташқари, ҳар ойда ҳудудий адлия органларининг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўхатидан ўтказиш ва “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини мазмун-моҳияти бўйича жойларда тадбиркорлик субъектлари учун “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтмоқда.
Ўқув машғулоти сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.
Навоий вилоят адлия бошқармаси Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими