Янгиликлар
Экология ва қонунчилик
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий ҳудудий бўлими ҳамкорлигида Кармана туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб амалга ошириладиган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остидаги бош ғоядан келиб чиқиб, “Мустақиллик йилларида экологик қонунчилик, тараққиёт ва юксалиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидан вакил, вилоят Адлия, Санитария ва эпидемиология назорат маркази ходимлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий ҳудудий бўлими ходимлари, Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси аъзолари, Экоҳаракат Навоий ҳудудий бўлинмаси фаоллари, Кармана туман“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, мамлакатимиз аҳолисининг маънан бой ва соғлом ҳаётини таъминлаш, фақатгина экотизимларни сақлаш, атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш, мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишга жамоатчиликни кенг жалб қилиш орқалигина эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидладилар.
Бу борада атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини ҳимоялаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоялар асосида қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ННТ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ҳамда кенг жамоатчиликнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги мавжуд муаммолар ечимини топиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик назоратни амалга оширишда фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Семинарда Экологик назорат соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги, атроф муҳит соҳасидаги қонунлар талабларининг бажарилиши ва ушбу йўналишдаги давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш, Экоҳаракат ва фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда ННТнинг тажрибалари каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Семинар сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди.