Янгиликлар
Ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари
Жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор бош мақсад сифатида мустаҳкамланган.
Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан “Қонунийликни таъминлашда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликнинг айрим масалалари”мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур тадбирда маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда мамлакатимизда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг туб моҳиятида - инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ҳамда бунинг учун етарли кафолатлар яратишдан иборат эканлиги, Конституциямизнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги тўғрисидаги қоида билан бошлангани ҳам инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат манфаатларидан устунлиги, Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг мақсади ҳам халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги ва бу борада вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда галадги муҳим вазифалар тўғрисида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчилик халқаро шартномалар талабларига тўла мос ва мутаносиб равишда изчил ривожланмоқда. Давлат мустақиллигига эришганимиздан буён мамлакатимиз парламенти томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, БМТ нинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид асосий 6 та халқаро ҳужжатлари ратификация қилинди. Умуминсоний тамойиллар мамлакатимиз қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, бугунгача фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонунларнинг қабул қилиниши, у ёки бу жиҳатдан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномаларнинг асосий қоидаларига мослаштирилган.
Адлия органларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим вазифларидан бири - инсон ҳуқуқлари соҳасида қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш, халқаро тажрибани ўрганиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқишни таъминлашдан иборатдир.
Сўзга чиққанлар, қонунийликка риоя қилишда, давлат органлари, бошқа нодавлат ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятини янада кенгайтириш, уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиришда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш лозимлигини қайд этдилар.
Ўз навбатида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳуқуқни қўллаш ва қонун ижодкорлиги соҳасида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритилишида давлат органлари билан ҳамкорлик ўта муҳимлигини таъкидлашиб, оммавий ахборот воситаларида ёритилиши лозим бўлган бир қатор янги мавзу ва йўналишлар юзасидан ўз фикр ҳамда мулоҳазаларини билдирдилар.