Янгиликлар
Битирувчилар иш билан таъминланмоқда
Навоий шаҳрида касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва вақтинча ишсиз аҳоли учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда 172 корхона, ташкилот ва муассаса 412 бўш иш ўрни билан қатнашди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ёшларнинг замонавий касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, йигит-қизларнинг малакали мутахассис бўлиб етишиши учун коллежлар қошида амалиёт устахонаси ва кичик корхоналар ташкил этилган бўлиб, у ерда орттирилаётган кўникма ва тажрибалар ёшларнинг таълимдан кейинги меҳнат фаолиятида муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ярмаркада ўз мутахассислигим бўйича “Навоийазот” очиқ акциядорлик жамиятига ишга жойлашиш учун йўлланма олдим, – дейди Навоий индустриал-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилнора Ибодова. – Эндиликда “коллеж – корхона” ҳамкорлигида ўрганган тажрибаларимни иш жараёнида қўллайман.
Ярмаркада 250 нафардан ортиқ аҳоли ва коллеж битирувчиси доимий иш ўрнига эга бўлди. Тадбир доирасида иш берувчи ҳамда ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида маълумотлар берилди.