Янгиликлар
23
Ўзбекистон суд тизимида Судьялар олий мактаби ташкил этилди!
Ўзбекистон суд тизимида Судьялар олий мактаби ташкил этилди!
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар замирида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсади мавжуд. Давлатимиз раҳбари кўплаб маъруза ва чиқишларида инсон қадр-қимматини эъзозлаш, бунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтиришга қодир бўлган мустақил одил судлов тизимини шакллантириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ғоят қисқа муддат ичида мутлақо янги адолатли суд тизимини шакллантиришга қаратилган шиддатли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2019 йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон суд тизими тарихида биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Қарорда янги ташкил этилган Судьялар олий мактаби фаолияти энг ривожланган демократик мамлакатлардаги илғор тажриба билан ҳамоҳанг тарзда бўлиши белгилаб қўйилган.
Қарорга мувофиқ мамлакатимизда судьялар корпусини шакллантиришнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида ташкил этилган Судьялар олий мактаби судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун масъул бўлган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Олий мактаб таълим йўналишлари бўйича уч босқичда фаолият юритади:
- судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича бир йиллик магистратура таълими;
- раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш бўйича икки ойлик курслар;
- судьялар ва суд аппарати ходимлари малакасини ошириш бўйича икки ҳафтадан кам бўлмаган курслар.
Судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади. Бўлажак судьяларни ўқитиш грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга оширилади. Судьялик лавозимига номзодлар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади. Тингловчилар судья ёрдамчисининг бир ойлик иш ҳақи миқдорида стипендия билан таъминланади.
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига ўқиш давомида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.
Судьяликка номзодларни танлаб олиш, ўқув жараёнини ташкил этишнинг янгича тизими, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерфаол ўқитиш усуллари жорий этилади. Тингловчиларда назарий билимлар билан бирга касбий этика, психология, нотиқлик санъати, ишчанлик мулоқоти, вақтни бошқариш илми, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, таҳлил қилиш, ҳуқуқ нормаларини қўллаш ва шарҳлаш кўникмаларини ҳосил қилишга алоҳида аҳамият берилади.
Шундай экан дунё тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, инсон ҳуқуқларини амалда таъминлашда мустақил суд ҳокимиятининг ўрни беқиёс. Шунинг учун кўпгина ривожланган демократик давлатларда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига, судьяларнинг ҳар томонлама билимли ва юксак салоҳиятили бўлишига жиддий эътибор қаратилди. Қайсидир мамлакатда судьяларни тайёрлаш бўйича академия бўлса, яна қайсидир давлатда бу мактаб деб юритилади. Лекин моҳият нуқтаи-назаридан бу судьялар корпусини юксак салоҳиятли мутахассислар билан тўлдириш учун хизмат қилади.
Судьялар олий мактаби фаолиятининг бошланиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини амалда таъминлаш соҳасида яна бир катта қадам ташланиши деб ҳисоблаш керак. Айниқса, бугунги кунда инсон ҳуқуларини ҳимоя қилиш ҳар бир замонавий демократик давлат, ривожланган эркин жамият учун асосий вазифа ҳисобланади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳозирги жадал ривожланиб бораётган дунёда мамлакатимизда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, уларни демократик асосда танлаш ва судьяликка тайинлаш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди деб баралла айта оламиз.
Навбаҳор туманлараро
иқтисодий суди судьяси Шерали Хамидов