Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

ХУСУСИЙ МУЛКНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ


ХУСУСИЙ МУЛКНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

Маълумки, 2019 йил 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармонда баъзи мансабдорлар давлат ҳимоясида бўлган хусусий мулкнинг дахлсиз эканлигини, ҳар қандай важ билан хусусий мулкни, шу жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкни олиб қўйиш, асосли заруратсиз бузиб юбориш ғайри ҳуқуқийлигини англаб етмаётгани ҳамда ер участкаларини ажратишда ўзбошимчаликларга йўл қўйилаётгани таъкидланди. Бу эса мулкдорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатларини кучайтириш ва бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйганлиги учун ушбу масъул шахсларнинг жавобгарлигини оширишни тақозо этаётир. Давлатимиз раҳбари томонидан Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга соҳада қатъий ва тизимли назорат ўрнатиш топширилди.
Фармоннинг аҳамиятли жиҳатларидан бири сифатида тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирларига, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилишнинг қатъиян тақиқлангани диққатга сазовардир. Зеро, ўтган йиллар мобайнида бу каби амалиёт кўплаб кичик бизнес эгаларининг жонига теккани ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, янги қоидага кўра, ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш ишларига) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш ҳам раҳбар ходимларга нисбатан жазо чораси қўлланишига олиб келиши мумкин.
Ўтган давр мобайнида турли даражадаги ташкилотлар, жумладан, ҳокимликларнинг тун ярмидан ошганда бошланадиган селектор йиғилишларида иштирок этиш шарти ҳам тадбиркор ва фермерларнинг жонига теккан амалиётлардан бири эди. Масалан, пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхона раҳбари соҳасига мутлақо дахлсиз бўлган, қишлоқ хўжалиги ёки халқ таълими юзасидан ўтказилаётган йиғилишда тонггача қолиб кетишга мажбурланарди. Эндиликда тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш қатъиян маън этилди.
Муҳим ўзгаришлардан бири шуки, 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилмоқда. Депутатлар мазкур соҳадаги масалаларни коллектив равишда, адолатли ҳал этишлари лозим бўлади. Бу — мулк соҳасидаги муаммоларнинг адолатли ечимини топиши билан бир қаторда, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларининг ҳам жонланишига хизмат қилади.
Шунингдек, 2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш режалаштирилмоқда. Қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги, ер участкаларини хусусийлаштиришнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларининг самарадорлигини аниқлаш, уларни хусусийлаштириш механизмларини амалда қўллаш самарадорлигини баҳолаш тажрибанинг асосий мақсадлари этиб белгиланган.
Фармонга мувофиқ Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг хусусий мулк химоясида амалга оширадиган ишлари белгилаб қўйилди. Жумладан, эндиликда мазкур ташкилот кичик бизнес ва тадбиркорликни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириб боради. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг ижроси устидан назорат қилади. Ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Шунингдек, фармон орқали тадбиркорлик фаолиятида янада қулайликлар яратувчи, тадбиркорларга эркинлик ва янги имкониятлар берувчи қатор имтиёзлар жорий этилмоқда.

Ташкилий-назорат ва таҳлил
ишлари бўлими етакчи маслаҳатчи
Кундибаев Беҳзод