Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

МУНОСАБАТ


МУНОСАБАТ

 Навоий шаҳрида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан шаҳар марказий кўчаларида чиқиндиларни исталган ерларга ташлаб кетиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида тезкор рейд тадбирлари ўтказилаётгани ва бу бўйича чиқиндилар жумладан писта пўчоғи ва сигарета қолдиқларини ташлаган фуқаролар жаримага тортилаётганлиги ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун, шу жумладан, чиқиндилар билан боғлиқ ишлар соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун айбдор шахсларни ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эгадир.
Маълумот учун шуни таъкидлаш жоизки, қаттиқ маиший чиқиндилар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш” қоидаларига асосан жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек, уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар) ҳисобланади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сон қарори билан тасдиқланган “Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари”нинг 26-бандига кўра жисмоний ва юридик шахслар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларга ва объектларга (кўчаларга, ҳовлиларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, жойлаштириш ва кўмиш учун мўлжалланмаган бошқа жойларга) ташлаш ҳамда жойлаштириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни автотранспорт воситаларидан уларнинг тўхташи, тўхтаб туриши ёки ҳаракатланиши вақтида рухсат этилмаган жойларга ва объектларга ташлаш тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддасига мувофиқ белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Кодекснинг 261-моддасида мазкур ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларига тааллуқли эканлиги ва ушбу органларнинг тегишли мансабдор шахслари жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чорасини қўллашга ҳақлилиги белгиланган.

Азиз фуқаролар ўзимиз яшаётган ва меҳнат қилаётган ҳудуднинг саранжом-саришта ва озодалиги, атроф-муҳит мусаффо бўлишида барчамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик.



Навоий вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими