Янгиликлар
Асоссиз бойиб кетиш натижасидаги мажбуриятлар (САВОЛ-ЖАВОБЛАРДА)
Асоссиз бойиб кетиш натижасидаги мажбуриятлар (САВОЛ-ЖАВОБЛАРДА)
Умумий асосларга кўра, шахс асоссиз бойлик орттириши натижасида муайян мажбурият келиб чиқиши учун қандай ҳолатлар асос бўлади?Равшанова М. Навоий ш.,
Шахс асоссиз бойлик орттириши натижасида муайян мажбурият келиб чиқиши учун авваламбор, бир шахснинг бошқа шахс ҳисобидан мулк ёки бошқа мулкий бойликни орттирганлиги ёхуд жамлаганлиги, бундан ташқари, шахс томонидан ушбу мулк ёки моддий бойлик қонун ҳужжатлари ё шартномаларда назарда тутилмаган асосларда тўпланган бўлиши лозим бўлади.
Шу ҳолатда тегишли тараф ушбу асоссиз орттирилган бойликни қайтариб олишни талаб қилиши ёки суд тартибида ундириши мумкин бўлади.
Менинг ҳисобимдан бошқа шахс асоссиз бойлик орттирган бўлса, мен ушбу бойликни асл ҳолида қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эгаманми?
Турсунова С., Навоий ш.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1025-моддасига биноан қўлга киритувчининг асоссиз орттирилган бойлигини ташкил этувчи мол-мулк жабрланувчига асл ҳолида қайтарилиши лозим. Зеро, қўлга киритувчи жабрланувчининг олдида ҳар қандай, шу жумладан у орттирилган бойликнинг асоссизлигини билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан кейин асоссиз қўлга киритилган ёки тежаб қолинган мол-мулкнинг тасодифий етишмовчилиги ёки ёмонлашуви учун жавобгар бўлади. Бу пайтгача у қасд ва қўпол эҳтиётсизлик учунгина жавобгар ҳисобланади.
Менга ўзим ишлаётган ташкилот томонидан бир йил давомида ойлик иш ҳақим тегишли миқдордан ортиқча тўланганлиги аниқланди. Иш берувчи менга нисбатан жиноий иш қўзғашни сўраб тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмоқчи. Унинг ушбу ҳаракати ўринлими? Ушбу ҳолда менга нисбатан жиноий иш очилиши мумкинми? Мен ушбу ортиқча тўланган пулларни қайтаришга мажбурманми?
Муминов О. Навоий ш.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1030-моддасига мувофиқ ҳисоб-китоблардаги хатоликлар сабабли асоссиз орттирилган бойликқайтариб берилиши лозим. Шунга кўра, сиз юқорида келтирилган ортиқча тўланган тўловларни асоссиз орттирилган бойлик сифатида эгасига қайтариб беришингиз лозим бўлади.
Бироқ, юқорида келтирилган ортиқча тўлов олувчининг айби билан тўланмаганлиги сабабли, иш берувчининг ҳаракатлари ноўрин бўлиб, бундай ҳолат жиноий иш очилишига сабаб бўлмайди. Зеро, бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқиш фуқаролик судловга тегишли бўлиб, башарти ортиқча тўланган суммани олган шахс уни қайтаришдан бош тортса, низо фуқаролик суди орқали ҳал қилиниши мақсадга мувофиқ.
Аҳмадов Алишер,
Навоий вилоятНавоий шаҳар
адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси