Янгиликлар
Ёш тадбиркорларга кенг йўл
Мамлакатимизда оилавий тадбиркорлик ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, соҳадаги муаммоларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан ҳамда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси ҳамкорлигида барча вилоятларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Қизилтепа туман ҳокимлигида “Обод турмуш-фаровон ҳаёт гарови” мавзусида бўлиб ўтди. Унда банк мутахассислари, партия фаоллари, ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлар, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, коллежлар битирувчилари иштирок этди.
–Халқимизнинг маданий меросини асраб-авайлаш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш ёшларимизнинг касб-ҳунар эгаллашларида алоҳида аҳамият касб этади. Семинар коллежлар битирувчиларининг ўзлари танлаган касбни кенгайтириш учун етарли маьлумот олишларида кўмак берди, - дейди ЎзМТДП туман Кенгаши раиси Турсунпўлат Муҳаммедов.
Шунингдек, семинар доирасида тадбиркорлик ҳамда миллий ҳунармандчилик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга Марказий банк мутахассислари томонидан мақсадли режа-лойиҳалар, кредитлар ҳақида тушунчалар берилди. Қизғин мулоқот руҳида кечган учрашувда ЎзМТДП вилоят Кенгаши ва ҳудудимизда фаолият юритаётган банклар томонидан ташкил этилган кўргазмалар семинар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Соҳа мутахассислари уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди. Тадбир сўнггида 30 нафардан ортиқ битирувчи йигит-қизга кредит олишлари учун махсус сертификатлар топширилди.