Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

ЭНГ МУНОСИБ НОМЗОДЛАР УЧУН ОВОЗ БЕРАЙЛИК


ЭНГ МУНОСИБ НОМЗОДЛАР УЧУН ОВОЗ БЕРАЙЛИК

Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – сайловларга жуда оз фурсат қолди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови давлатимизнинг келгуси тараққиёти ва халқимиз, яъни сиз-у бизнинг турмуш фаровонлигимизга бевосита боғлиқ эканлиги билан ҳам жуда аҳамиятлидир. Чунки, бу галги сайловлар олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Энг аввало, сиёсий жараённинг “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида, 2019 йилнинг 25 июнида Президентимиз томонидан имзоланган, мамлакатимиз фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатлар белгилаб берилган Ўзбекистон Республикаси сайлов кодекси асосида ўтаётганлигини унутмаслигимиз лозим. Бошқача қилиб айтганда, бу йилги сайловларнинг Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилган ҳолда демократик тамойиллар асосида шаффофлик таъминланиб ташкил этилаётганлиги таҳсинга сазовордир.
Мен бу фикрларни бежиз келтирмаяпман. Негаки, ўзимнинг қирқ йилдан ортиқ меҳнат фаолиятим давомида масъул раҳбарлик лавозимларида ишлаб, икки марта халқ депутатлари вилоят, тўрт марта туман Кенгашлари депутлигига сайланганман ва у даврларда сайловларнинг бугунгичалик том маънода демократик тамойиллар асосида, шаффофлик тўлиқ таъминланган ҳолда ташкил этилмаганлигининг жонли гувоҳиман. Натижада, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари фаолияти ҳам сайловчилар, яъни халқ манфаатларига етарли даражада хизмат қилмас эди. Бунинг асосий сабабларидан бири эса сайловчиларнинг сайловларга бефарқлиги, яъни ҳуқуқий саводхонлигининг етарли даражада эмаслиги эди. Бугун эса тамоман бошқача шароитда яшаяпмиз. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида жонажон Ўзбекистонимизда давлатимизнинг жадал тараққиёти, мамлакатимиз аҳолисининг тўқ-фаровон ҳаёт кечириши йўлида оламшумул ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарини қўллаб-қувватлаш, ислоҳотларда фаол иштирок этиш эса бизнинг шарафли фуқаролик ҳамда ватанпарварлик бурчимиздир. Барчамизнинг сайловларда онгли равишда фаол қатнашиб, ҳар жиҳатдан баркамол, Ватан ва халқимиз манфаатларини энг устувор вазифа деб биладиган номзодлар учун овоз беришимиз бу борада жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини бирор зум ҳам унутмаслигимиз керак. Чунки, депутатлар корпуси халқ манфаатларининг чинакам ҳимоячилари, давлатимиз тараққиётининг фидоий жонкуярларидан иборат бўлиши зарур. Шундагина ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга имкон қадар тезроқ эришамиз. Шундай экан, биз сайловларда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасигами, маҳаллий кенгашларгами, депутатликка номзодни танлаш ва унинг учун овоз беришда адашишга ҳаққимиз йўқ.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз келгуси тараққиётига бевосита даҳлдор бўлган сайловларда фаоллик кўрсатиб, энг муносиб номзодлар учун овоз берайлик.