Янгиликлар
Коррупция – тараққиётга таҳдид
Коррупция – тараққиётга таҳдид
Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда, ҳар бир соҳа модернизация қилиниб халқимиз онгу шуурида юртга дахлдорлик ҳисси кучаймоқда. Албатта, ҳар бир ислоҳот инсон манфаатлари учун хизмат қилиши, шубҳасиз.
Замон ўзгараяпти, жамият ривожланаяпти, аммо бир иллат борки, у тараққиёт кушандасига айланмоқда. Бу коррупциядир. Коррупция, содда қилиб айтганда, порахўрлик - бу жуда ёмон иллат, бу ёмонликларнинг онасидир.
Шу ўринда милоддан олдин яшаган юнон файласуфи Аристотельнинг коррупция борасида билдирган фикрига тўхталмоқчиман.
Юнон файласуфи Аристотель “Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими – бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин”.деган эди.Мана йигирма саккиз йилдирки, Ўзбекистон ўзи танлаган тараққиёт йўлидан дадил одимлаяпти. Миллий манфаатларимизни инобатга олган ҳолда олиб борилаётган изчил ташқи сиёсат давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишини, халқаро майдонда обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлаяпти.
Шу билан бирга, нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолар мавжудки, улардан бири коррупциядир.
Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштириларкан. Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва пораxўрликни ҳеч иккиланмай “тараққиёт кушандаси” деб аташ мумкин. Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган эди. Унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги таъкидланмоқда.
Шу сабабдан 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. 34 моддадан иборат ушбу ҳужжатда коррупция атамасига таърифдан тортиб, унга қарши курашиш, ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари, коррупцияга қарши жавобгарлик, бу масалада халқаро ҳамкорлик каби барча муҳим жиҳатлар қайд этилган.
Коррупцияга қарши курашишда аввало ушбу атаманинг моҳиятини англаб олиш лозим.
Коррупция нима?
Кўпчилик коррупция сўзини тор маънода, яъни, мансабдор шахсларнинг ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб содир этишадиган порахўрлик билан боғлиқ қилмишларини тушунишади.
Бироқ бу тушунчанинг моҳиятини тўлақонли англаш имконини бермайди. Коррупция сўзи асли лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “эврилиш”, “бузилиш” деган маъноларни англатади. Миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасида, коррупцияга қуйидагича таъриф берилган.
Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.
Демак, кенг маънода коррупция деганда бу мансабдор шахс ёки давлат хизматчиларининг нафақат порахўрлик жиноятларига оид қилмишлари, балки, ўзларининг мансаб ёхуд хизмат мавқеини суистеъмол қилиб шахсий ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида сиёсий ҳомийлик, маҳаллийчилик, “таниш-билиш”чилик, уруғ-аймоқчиликка йўл қўйишлари ҳам назарда тутилади.
Коррупция чегара билмайди!
“Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради”, дейилади БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясида.
Унга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда 2008 йилда БМТнинг 2003 йил 13 октябрдаги “Коррупцияга қарши” Конвенцияси ратификация қилинди.
Шунингдек, “БМТнинг “Коррупцияга қарши” конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Бундан ташқари, 2010 йил март ойида Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.
2017 йил 3 январда ЎРҚ-419-сон Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани бу йўлда муҳим қадам бўлди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 2017 йил 2 февралда Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сон қарори эълон қилиниб, унда 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия таркиби ва Низоми тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:
Бош прокуратура;
Давлат хавфсизлик хизмати;
Ички ишлар вазирлиги;
Адлия вазирлиги;
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Бош прокуратура ўз ваколатлари доирасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирувни, дастлабки терговни, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Давлат хавфсизлик хизмати коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирувни ва дастлабки терговни амалга оширади.
Ички ишлар вазирлиги жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўради.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар, иқтисодий ва коррупция билан боғлиқ бошқа жиноятлар бўйича тезкор-қидирув фаолиятини, терговга қадар текширувни ва суриштирувни амалга оширади.
Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;
аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғиботга доир фаолиятни амалга оширади ҳамда мувофиқлаштиради;
таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим ва тарбияга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳамда уларнинг лойиҳаларидаги коррупция учун шарт-шароитлар яратадиган қоидалар ва нормаларни аниқлаш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва лойиҳаларнинг таҳлилини амалга оширади;
коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорлар ваколатли давлат органи, бошқа ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан бекор қилиниши ёхуд ўзгартирилиши ёки суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Қонунда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ўз ваколати доирасида коррупцияга қарши жадал курашмоқда. Хусусан, қонун ҳужжатларининг антикоррупцион экспертизаси янада такомиллаштирилди.
2015 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2745-сон буйруғи қабул қилинди.
Ушбу буйруқда қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишнинг тартиби белгилаб берилган ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти баён қилинган.
Бундан ташқари, коррупциянинг олдини олиш мақсадида ҳужжатларнинг электрон айланиши тизими яратилди.
“Фаол нотариус” моделининг яратилиши, нотариуслар танловларининг онлайн тарзда ўтказилиши, давлат божлари ҳақидаги маълумотларнинг кенг тарқатилиши, умуман, соҳада очиқлик ва шаффофликнинг таъминланишини Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши кураш соҳасидаги эътиборли ишлари сифатида санаш мумкин.
Кенг аҳоли ўртасида ҳам коррупцияга қарши қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, коррупцияга нисбатан тоқатсизликни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш каби чора-тадбирлар орқали қонун устуворлигини таъминлаш кун тартибидаги асосий вазифа бўлиб турибди. Бунинг учун аҳоли орасида фаол ҳуқуқий тарғибот амалга оширилмоқда.
Хусусан, турли ижтимоий роликлар, таҳлилий кўрсатувлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар шулар жумласидандир. Адлия вазирлиги томонидан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган коррупцияга қарши карикатура, постлар, ижтимоий роликларни шу кунгача бир миллиондан ортиқ марта кўрилгани маълум.
Шунингдек, вазирлик томонидан ўтказилган ва мунтазам ўтказилиши назарда тутилган “Биз коррупцияга қаршимиз” номли танлов аҳоли ўртасида коррупцияга қарши кайфиятни кучайтириш ҳамда муаммоларни аниқлаш, коррупция ҳолатларининг сабабларини ўрганиш ҳамда олдини олиш мақсадларини кўзлагани билан аҳамиятли.
Бу каби танловлар коррупция соҳасидаги муаммоларни аниқлаш, жамиятда коррупцияга қарши тоқатсизлик кайфиятини шакллантириш ва келгусида шунга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш мақсадларини кўзлайди.
Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозим.
Олиб борилган илмий изланишларга қараганда, коррупция ривожланган жамиятларда унинг қуйидаги турлари тез-тез учрайди:
Маиший коррупция, асосан мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг кундалик иш фаолиятида фуқаролар билан муносабатларида манфаатлар тўқнашади;
Ишбилармонлик коррупцияси, бу ҳокимият вакилларининг тадбиркорлик субъект (бизнесмен)лари билан муносабатларида учрайди;
Олий ҳокимият органлари коррупцияси, бу демократик жамиятларда сиёсий ҳукмрон доиралар ҳамда одил судлов тизими фаолиятида кўзга ташланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб коррупциянинг давлатга ва жамиятга етказадиган қуйидаги зарарларини санаб ўтиш мумкин:
биринчидан, инсоният ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган – демократия ва демократик институтларнинг мустаҳкамланишига салбий таъсир қилади, яъни уларга жиддий путур етказади.
иккинчидан, жамият тараққиёти учун энг муҳим омил – тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилишига олиб келади ва кенг жамоатчиликда уларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ишончни сўндиради.
учинчидан, бозор иқтисодиёти қонуниятларининг бузилиши, соғлом рақобатнинг бозордан сиқиб чиқарилиши, яширин иқтисоднинг пайдо бўлиши ва ривожланишига замин яратади.
тўртинчидан, жамиятда носоғлом ижтимоий-маънавий муҳитнинг шаклланишига сабаб бўлиб, демократик давлатнинг энг муҳим ҳуқуқий принципларининг бузилишига олиб келади. Ва бундай салбий оқибатларнинг яна қанчасини санаб ўтиш мумкин.
Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, давлат хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳамда давлат хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Амалдаги Жиноят кодексида пора олганлик, пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жазолар белгиланган:
Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашда бундай жазолар мавжудлигининг ўзи етарли эмас. Бу борада жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш лозим. Яъни пора олган, берган ёки воситачилик қилган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт.
Бу борада давлат органлари ходимлар томонидан мунтазам равишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, шу жумладан маҳаллалар, таълим муассасаларида ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, илмий-амалий тадбирлар ташкил этилаяпти.
Айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган.
Жумладан, жорий йилнинг 27 майида ПФ–5729-сон “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланди.
Иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Мазкур Фармоннинг мақсади Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури;
Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби.
Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришишда САМАРАДОРЛИК ИНДИКАТОРЛАРИ ишлаб чиқилади.
Шунингдек, “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги ҳамда “Прокуратура органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади
Шунингдек, ҳудудларда ҳам халқ депутатлари Кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссиялари ташкил этилиб, улар жойларда ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиб боради.
Давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизими шакллантирилади.
Давлат хизматчилари учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхати белгиланади.
Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этилади.
Фармонга асосан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, татбиқ этилади.
Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилади.
2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “КОРРУПЦИЯСИЗ СОҲА” ЛОЙИҲАСИ амалга оширилади, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб эса лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Президент Фармонига кўра, тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.
2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини мажбурий баҳолаб боради.
Бунда давлат органлари:
коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантиради;
идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чораклик мониторингини амалга оширади ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чораларини кўради.
Муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Бундан кўриниб турибдики, коррупцияга қарши кураш ҳеч қачон тўхтамайди. Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лозим бўлади.