Янгиликлар
Ижтимоий фаоллик самаралари
Навоий вилоятида “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллигига бағишланган “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Меҳр нури” жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар давомида Нурота туманида форум кўмагида бизнес фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда мутахассислар томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
“Оилавий тадбиркорлик – жамият тараққиётининг гарови” мавзусида ўтказилган семинарда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бизнеснинг мазкур тури билан шуғулланиб, оилавий даромадини ошираётган юртдошларимиз сафи тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди. Бунга яратилган қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб, Нурота каштачилик анъаналари, ёғоч ўймакорлиги ва қандолатчилик тармоқларини изчил ривожлантираётган оилавий тадбиркорлар ёрқин мисолдир.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Спорт майдончалари – ҳар бир маҳаллада” акцияси доирасида Навоий шаҳар Ватан маҳалласи ҳудудида барпо этилган спорт майдончасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.