Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Энг яхши юридик хизмат танлови


Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида юридик хизмат соҳаси ходимларига эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Зеро, шартномавий-ҳуқуқий, моддий ва мулкий муносабатларни шакллантириш, фуқаролар ва ташкилот ходимларининг қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, турли муаммоларга ҳуқуқий ечим топишда юридик хизмат ходимларининг ўрни ва роли бениҳоя катта.

Мазкур соҳада мамлакатимизда бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси юзасидан адлия органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 13 март куни Навоий вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида илғор натижаларга эришган, ташаббускор юридик хизмат ходимлари иштирокида “Энг яхши юридик хизмат” вилоят танлови ташкил этилди.

Ушбу танлов юридик хизмат ходимларининг давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқни қўллаш, қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шартномавий-ҳуқуқий ишларини юритишда, ташкилотларининг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги билимларини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилди.

Танлов икки босқичда ўтказилиб, биринчи босқичда юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқий билимлари, ўзларининг профессионал фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини билиши ва қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорлиги махсус тайёрланган тестларни бажариш орқали синовдан ўтказилган бўлса, танловнинг иккинчи босқичида эса иштирокчиларга муайян ҳуқуқий муаммога ечим топиш бўйича тайёрланган казуслар берилди.

Иштирокчилар томонидан бажарилган тест синовлари ва казусларни ҳуқуқий ҳал этишга қаратилган жавобларига ҳар бир ҳакам ўзининг ҳолис баҳоларини қўйишди.

Қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган ушбу танлов натижаларга кўра Навоий вилояти Қон қуйиш станцияси юридик хизмат ходими Худойназаров Музаффар Музроб ўғли фахрли биринчи, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Навоий вилоят филиали юридик хизмат ходими Кенжаева Шахрибону Ибодуллаевна иккинчи ҳамда Хатирчи туман мактабгача таълим бўлими юридик хизмат ходими Примов Жасур Турсунович учинчи ўринларни қўлга киритишди.

Танлов ғолиблари фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Шу каби тадбирларнинг ўтказилиши барча ташкилот ва идораларда юридик хизмат фаолиятини сифат жиҳатдан яна бир поғонага кўтарса ажаб эмас.