Янгиликлар
МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ
Қонун устуворлиги шароитида инсон ҳуқуқлари ҳимояси энг асосий масалалардан бири бўлиши лозим. Ушбу масала ҳар қандай шароитда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаслиги лозим. Бунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, айниқса адлия органларининг ўрни ва роли беқиёсдир.
Айтиб ўтиш керакки, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати устидан шикоят қилиш деганда аввало ушбу мансабдор шахснинг фуқаро ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир фаолияти оддий ҳуқуқий ёки маъмурий тартибда амалга оширилган фаолият эканлигига ойдинлик киритиш лозим бўлади. Зеро, бу унинг ҳаракатлари устидан шикоят қилишнинг йўналишини белгилаб беради. Хусусан, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларидан норози бўлган ҳолатда фуқаро мазкур мансабдор шахснинг бевосита юқори турувчи ташкилот (корхонасига) ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Бунда нафақат, мурожаатларнинг кўриб чиқиш натижаси бўйича, балки, мурожаатларни қабул қилишни рад қилиш, мурожаатларда келтирилган важларни кўриб чиқмаслик ёки тўлиқ кўриб чиқмаслик юзасидан ҳам шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд. Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг мазкур ҳуқуқларини тушунтириш ҳам лозимлиги қонунчиликда белгилаб берилган. Бундан ташқари, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини суд орқали бевосита мурожаат қилиш йўли билан ҳам ҳимоя қилишлари мумкин.
Ҳозирги шароитда республикамизда адлия органларининг жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки, мазкур фаолият натижаси ўлароқ кўплаб йиллардан буён ўз ечимини топмай келаётган муаммолар ҳал қилинмоқда, мурожаатчиларнинг бевосита ўзлари ҳал қилиш имкони бўлмаётган масалаларда ҳуқуқ ва манфаатлари тиклаб берилмоқда.
Жумладан, Конимех туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юридик ва жисмоний шахслар мурожатларини кўриб чиқиш натижасига кўра мурожаатчилар манфаатида судларга умумий 25 та даъво аризалари ва аризалар, шунингдек 5 та тақдимнома кўринишидаги таъсир чораси киритилиб, 92 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари ундирилиши таъминланди. Бундан ташқари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан туман адлия бўлимига қилинган мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, туман маъмурий судига 16 та ариза киритилиб, ушбу аризалар суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилди. Бунинг натижасида ушбу мурожаатчиларнинг кўп йиллик ҳақиқатда ишлаган иш стажлари тикланиб, тегишли мансабдор шахсларга пенсия тайинланишида инобатга олиш мажбурияти юклатилди. Хусусан, Конимех туманида яшовчи фуқаро М.Нурбаеванинг олти йилдан ошиқроқ, М.Саидованинг тўққиз йилдан ошиқроқ ҳақиқатда ишлаган даврлари судга ариза киритиш йўли билан тикланиши ҳамда ушбу даврларни пенсия тайинлашда инобатга олиш мажбурияти юклатилиши таъминланди. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг нафақат ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши, балки уларга тўланаётган пенсия пулларининг салмоқли равишда ошишига хизмат қилади.
Айтиш мумкинки, адлия органларининг юқоридаги каби мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида халққа тегаётган нафи фақатгина давлатда қонунийликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан чекланмай, фуқароларнинг моддий аҳволига ҳам ижобий тасир кўрсатмоқда. Бундан келиб чиқадики, мамлакатимиздаги юридик ва жисмоний шахслар мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиб нафақат жамиятда қонунийликни таъминлаш, балки шахсий манфаатлари йўлида ҳам беқиёс ҳиссаларини қўшган бўладилар.
Алишер Аҳмадов,
Конимех туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси