Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

“Ноқонуний бузилган” турар жой аслида “ноқонуний қурилган” бўлиб чиқди


Навоий вилоят адлия бошқармаси Кармана тумани, “Каловот” МФЙда яшовчи фуқаро Д.Абдуллаеванинг ижтимоий тармоқларда турар жойининг “ноқонуний” бузилганлиги ҳақида видео мурожааатларини батафсил ўрганиб чиқиб, қўйидагиларни  маълум қилади.

Биринчидан, фуқаро Д.Абдуллаевага ўзига тегишли деб қайд этаётган турар жой ва ер участкаси ҳеч қандай рухсатнома ва ҳуқуқий ҳужжатларсиз ушбу ҳудуддан ўтган М-37 халқаро автомобил йўли атрофида 9х40 метр ҳажмда ер майдонига якка тартибда уй-жойни ноқонуний равишда қуриб олганлиги ҳамда 0,35 га ердан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётганлиги ваколатли идоралар томонидан аниқланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” ПФ-5421-сон Фармонига асосан 2019 йил 1 майга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга берилиши бўйича бир марталик акция эълон қилинган бўлсада, фуқаро томонидан ушбу имкониятдан фойдаланилмаган ҳамда мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилинмаган.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 212-моддасига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Шунга кўра, Кармана туман ҳокимлигининг жавобгар Д.Абдуллаевага нисбатан “Ноқонуний қурилган қурилишни буздириш ва ер ҳолатини олдинги ҳолатига келтириш мажбуриятини юклатиш ҳақида”ги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2019 йил 3 октябрдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти суди кассация судлов ҳайъатининг 2020 йил 12 мартдаги ажримига асосан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2019 йил 3 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Учинчидан, “Суд хужжатлари ва бошқа органлар хужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, суд қарори ижросини таъминлаш юзасидан Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2019 йил 3 октябрдаги 2-2101-1904/15483-сонли ижро ҳужжатига асосан ундирувчи Кармана туман ҳокимлиги фойдасига қарздор Д.Абдуллаевага тегишли Кармана тумани, “Каловат” маҳалласи ҳудудида туман ҳокимлигининг захира ер майдонларида ноқонуний қурилган 9х40 метр ўлчамдаги уй-жойини буздириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Кармана туман бўлими иш юритувига 2019 йилнинг 25 октябрида келиб тушган ва давлат ижрочиси томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси Д.Абдуллаевага имзо қўйдирилган ҳолда таништирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2020 йил 17 февралдаги “Ижро ҳаракатларини вақтинча тўхтатиш тўғрисида”ги ажримига асосан ижро ҳужжати ҳаракатдан тўхтатилган.

Суднинг 2020 йил 24 мартдаги “Ижро ҳаракатларини давом эттириш тўғрисида”ги ажрими бўлим иш юритувига 2020 йилнинг 31 март куни келиб тушган ва қарздор 2020 йилнинг 1 апрель куни қайта огоҳлантирилган, кейинчалик 2020 йилнинг 25 май куни  мажбурий ижро тайинланиб, қарздорга бу ҳақида тушунтириш берилган.

Шундай кейин ҳам қарздор суд қарорини ихтиёрий равишда бажармаганлиги сабабли, унинг ноқонуний уй-жойи ваколатли ташкилотлар (Ички ишлар органлари, Ёнғин ҳавфсизлиги органлари, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш, Туман ҳокимлиги) вакиллари ва холислар иштирокида мажбурий тартибда буздирилган ҳамда суд қарори ижро қилинган.

Юқоридагиларга асосан, фуқароларимизга ўзларининг ҳуқуқларини ўзбошимчалик билан амалга оширишлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали сохта ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишлари қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.

Зеро, юртимизда муаммоларни фақат қонуний йўл ва ҳуқуқий воситалар асосида ҳал этиш учун барча зарур шарт-шароит яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Навоий вилояти адлия бошқармаси