Янгиликлар
КОНИМЕХДА НОГИРОНЛИК ФАКТИ МАСОФАДАН БЕЛГИЛАНМОҚДА
Пандемия шароитида масофадан ишлаш, масалаларни ҳам шу тартибда ҳал этиш фаолиятнинг муқобил турига айланиб бормоқда.Конимех тумани адлия бўлими томонидан ҳудуддаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этишда ана шу усулдан фойдаланилаяпти.
Туманнинг “Бирлик” МФЙ, Ибн Сино кўчасида яшовчи фуқаро Жансая Қуттимуратова ногиронлик пенсиясини тайинланишида амалий ёрдам сўраб адлия бўлимига мурожаат қилди.
Маълумки ногиронлик пенсияси шу тўғридаги факт ТМЭК томонидан белгилангандан сўнг тайинланади.Конимехликларнинг ногиронлик факти одатда Навоий вилояти Қизилтепа туманлараро ТМЭК комиссияси томонидан тасдиқланган. Пандемия даврида мазкур комиссия фаолиятини туманда амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди.Фуқаро ҳам жисмоний имкониятлари чекланган ва моддий қийинчиликлар сабаб Қизилтепа туманига боролмаган. Мазкур ҳолатда адлия бўлимининг ташаббуси билан Қизилтепа туманлараро ТМЭК томонидан мурожаатчининг ногиронлиги факти масофадан туриб ҳал қилиниб, ногиронлик хулосаси расмийлаштирилди.
Шундан сўнг, амалдаги қонунчиликка кўра, ногиронлик пенсияси тайинланиши масаласини ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Конимех туман давлат архивидан мурожаатчининг иш ҳақи ҳақидаги маълумот олиниб, Конимех туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тақдим қилинди ҳамда ногиронлик пенсияси тайинланиши таъминланди.
Алишер Ахмадов
Конимех тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси