Янгиликлар
COVID-19дан ВАФОТ ЭТГАН ШИФОКОРЛАРГА ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ТЎЛАНАДИМИ?
Маълумки, коронавирусга қарши курашда қатнашаётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга рағбатлантириш тўловлари белгиланган эди. Бу Ўзбекистон Президентининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Бугун замон қаҳрамонига айланиб улгурган тиббиёт ходимлари орасида вирусдан вафот этаётганлари ҳам бор.Уларнинг оилаларига тўлов қандай шаклда амалга оширилади?
Қарорга мувофиқ, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм миқдорида бир марталик тўлов тўланади.
Ушбу ҳолат оқибатида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.
Ушбу тўловлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатлар ҳамда меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан тўланадиган тўловларни сақлаб қолган ҳолда қўшимча равишда амалга оширилади.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати