Янгиликлар
ДИНИЙ ТАШКИЛОТ ТУЗИШДА МФЙ РОЗИЛИГИНИ ОЛИШ ТАРТИБИ БЕКОР БЎЛАДИ
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда. Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралари билан биргаликда ишлаб чиқилган мазкур лойиҳада диний ташкилот тузишнинг айрим тартибларини бекор қилиш айтилган.Хусусан, диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш, ташаббускорларининг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартириш, диний таълим муссасаларида диний таълим берувчи шахсларга марказий бошқарув органининг розилигини олиш талаби бекор қилинмоқда.Шунингдек, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланади.
Лойиҳа муҳокамасида экспертлар, мутахассислар ва барча фуқаролар ўзларининг таклифлари билан қатнашиши мумкин.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳақида гап кетганда, аввало, уни ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш лозим.
Қолаверса, ушбу Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олингани диққатга сазовор.
Мазкур қонун лойиҳаси мутахассислар томонидан барча ҳамкорлар, шу жумладан, Бригам Янг университетнинг Ҳуқуқшунослик ва диншунослик бўйича халқаро марказидаги америкалик экспертлар тавсияларини ўрганган ҳолда янада такомиллаштирилди ва қўшимчалар киритилади.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати