Янгиликлар
КОНСТИТУЦИЯДА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ
КОНСТИТУЦИЯДА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ
Конституция ҳар бир мустақл давлатнинг истиқлол ва тараққиёт йўлини белгилаб берадиган Бош қомусдир. “Конституция” атамаси Қадимги Римдаёқ маълум бўлган. Амир Темур “Тузуклар”и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига ишонч ҳосил қиламиз.
Ўзбекистон Конституциясининг ўзига хослиги шундаки, у икки маротаба халқ муҳокамасида юртдошларимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституция лойиҳаси юзасидан жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилган.
Ватанимиз ягона, байроғимиз битта, гербимиз битта, мадҳиямиз битта, шу қатори Конституциямиз ҳам битта. Буларнинг ҳар бири ўз тимсолида она Ватанимиз, халқимизнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттиради. Шу маънода Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби муқаддасдир.
Бош қомусимиз муқаддимасида мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида Конституция қабул қилинганлиги қайд этилган. Яъни Конституциямизнинг асосий моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборат.
Яна муҳим ҳамда халқаро экспертлар томонидан эътироф этиладиган хусусият – бу Конституциянинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Бундай жумлаларни бошқа бирон бир қонунда учратмаймиз. Бунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолати.
Конституциямизнинг яна бир энг муҳим хусусияти – бу халқ суверенитети эътироф этилганлигидадир. Асосий қонунимизнинг7-моддасида асосан халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экани муҳрланган. Асосий қонунимизда “демократия” ва “демократик” сўзлари 7 марта, “халқ” сўзи 24 марта қўлланган.
Конституциямизнинг бу каби ўзига хосликлари халқаро экспертлар эътиборини тортиб келмоқда. Масалан, конституцияшунослар М. Стивен Фиш ҳамда М. Кроенигнинг Кембриж университетида нашр қилинган, “Миллий қонунчилик органлари учун қўлланма: глобал тадқиқот” деб номланган китобида парламентлар ваколатини баҳолашнинг 32 та предмети ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу метод бўйича 190 та давлат конституциясидаги парламентлар ваколатлари таҳлил этилган. Унга кўра, мамлакатимиз Олий Мажлиси ваколати 0,33 индекси билан Норвегия, Швейцария, Венгрия, Словакия парламентлари билан тенг натижани олган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Нидерландия, Германия парламенти ваколатлари 0,29, Франция, Италия, Грецияники эса 0,24 ни кўрсатиб, юртимиздан бирмунча қуйидан жой эгаллаган.
Конституциямизнинг яна бир хусусияти унинг ихчамлигидир. Агар дунё конституцияларида ишлатилган сўзлар миқдори бўйича таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимиз конституцияси 190 та давлат ичида 29-ўринда турибди. Маълумотларга қараганда, жаҳонда энг кам сўз ишлатилган конституция ёки конституция ўрнини босадиган бошқа ҳужжатга эга бўлган давлатларга Монако, Исландия, Латвия ва Япония кирса, энг кўп сўз қўлланилганларига Ҳиндистон, Бразилия, Малайзия мансубдир.
Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти инсонга хизмат қилишга йўғрилган. Конституциямизнинг бирон бир жойида “давлатнинг ҳуқуқи” ёки “фуқаролар давлат ҳохиш-иродасини бажариши шарт” қабилидаги қоидалар учрамайди. Аксинча, Асосий қонунимизда “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” каби давлатнинг мажбуриятларини учратамиз.
Конституциямиз ўзининг инсонпарварлиги билан ҳам ажралиб туради. Унга кўра вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.
Қайд этиш жоизки, дунёдаги энг ривожланган давлатлар Конституциялари билан рақобатлашадиган Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаланинг бир жиҳати. Масаланинг бошқа бир муҳим томони, қабул қилинган ҳужжатни ҳаётимизга самарали татбиқ этишда намоён бўлади. Бу Конституцияда кўзлаган мақсадларимизнинг энг муҳим шартидир.
Бугун адлия органлари фаолияти ҳам конституциямизда белгиланганидек,инсонпарварлик тамойилига асосланмоқда.Тизимнинг ўзига хос қадриятлари бор. Уларда қонун устуворлиги, адолатлилик, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,коррупцияга қарши курашиш ва ўз ўрнида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш қатъий белгиланган.Шу асосда адлия халқ билан тобара яқинлашиб бормоқда.
Тизимда фуқаролар билан мулоқотнинг қулай ва интерактив усуллари яратилмоқда, хонадонлар муаммолари уйма-уй кириб ўрганилмоқда. Мурожаатларни ижобий ҳал этиш эса янги босқичга кўтарилган.Жойларда қарор ва фармойишларнинг қонунийлигини таъминлаш, юридик хизмат вакиллари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, адвакатура ва нотариал хизматлар сифатини янада яхшилаш, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш йўналишларида ижобий натижаларга эришилмоқда.Мазкур фаолият заминида халққа хизмат қилиш моҳияти мужассам.
Бугун ҳар бир соҳада “Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили устувор.Бу эса бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган.Шу боис ҳам Конституция эркин ва фаровон хаёт кечиришимиз, халқимизнинг умумжаҳон ҳуқуқларини белгиловчи ва ҳимоя қилувчи асосий ҳужжат саналади.
Аъзамжон Сарабеков
Навоий вилояти адлия бошқармаси бошлиғи