Янгиликлар
АДЛИЯ –МАҲАЛЛАДА
АДЛИЯ –МАҲАЛЛАДА
Ҳар қандай қонун хужжати моҳияти аввало, оилаларда, маҳаллаларда англашилсагина натижаси ижтимоий хаётда намоён бўлади.Адлия органларида ана шу тамойил асосида фаолият ташкил этилиб, маҳаллалар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.Навоий вилоят адлия бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимларида маҳаллалар кесимида қонун хужжатларини етказиш, мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан “Ёшлик” МФЙда ўтказилди.
Мулоқот жараёнида фуқароларга ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, доимий ишсиз фуқароларга “Темир дафтар” асосида ёрдам бериш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, пенсияга чиқишда иш стажини ҳисоблаш, ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари тўғрисидаги саволларга ҳам ҳуқуқий жавоб берилди.
- Мен ҳозирда 56 ёшдаман, аслида 22 йиллик иш стажим бор. Аммо ишлаган ташкилотим ва архив маълумотлари сақланадиган бино 2005 йилда ёниб кетган. Аксига олиб, меҳнат дафтарчамни ҳам йўқотганман. Пенсияга чиқай десам, иш стажим етмаяпти, қолган йилларни тиклаш учун нима қилиш кераклигини билмай юргандим. Бугунги учрашувда адлия ходимларидан ўз саволимга жавоб олдим. Хужжатларимни тайёрлаш учун эса адлия ходимлари ёрдам беришларини айтишди.-дейди Гулбиби Қудратова
Учрашув давомида фуқароларнинг шу каби бир қатор масалалари иш юритуви учун қабул қилинди.