Янгиликлар
20
ХОДИМ ИШДА ЮҚТИРИЛГАН ВИРУСДАН ВАФОТ ЭТСА, ТАШКИЛОТ ЗАРАРНИ ТЎЛАЙДИМИ?
Ассалом алайкум. Ишхонада коронавирус тарқалган, бир нечта ходимлар касалликни юқтириб олган, шунда ҳам ишхона карантинга олинмаган, айрим ходимлар раҳбарни талаби билан ишни давом эттирган. Агар ана шу ишхонада вирус юқтириб олган олган ходимлардан бири шу касалликдан вафот этган бўлса, ишхонани айби ҳам бўлганлиги учун қандайдир тўлов тўлайдими?
Саволга Хатирчи туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Аброр Сатторов жавоб беради
Бизда меҳнат қонунчилиги соҳасида ходимнинг вафот этганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа тўлови масаласи бор.
Бу вафот этган шахсни дафн этиш учун бериладиган нафақадан алоҳида ва бу нафақанинг миқдори анчагина йирик миқдорда (бошқа томондан аслида инсон хаётининг баҳоси йўқ).
Меҳнат кодексининг 194-моддасига асосан:
ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, — иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади;
бунда ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори эса, марҳумнинг ОЛТИ ЙИЛЛИК ЎРТАЧА ИШ ҲАҚИДАН кам бўлиши мумкин эмас.
Демак, ишда юқтирилган коронавирусни иш давомида соғлиққа етказилган шикаст деб ҳисобласак ва агар ходим шу касаллик оқибатида вафот этган бўлса (бу расман тасдиқланса), ташкилот марҳумнинг яқинларига унинг охирги 6 йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган нафақа тўлаши керак бўлади.
Эътибор беринг: 6 ойлик эмас, 6 йиллик дейилмоқда, яъни масалан, марҳумнинг бир йиллик ўртача иш ҳақи 30 млн. сўм бўлса, 6 йиллиги 180 млн. сўм бўлади.
Бу борада, иш берувчиларда, ташкилотлар раҳбарларида жуда катта масъулият ва босим бор, улар карантин қоидалари ва санитария талабларига қаттиқ қарашари зарур, имкони борича, ходимларни оралиқ даврий текширувлардан ўтказиб туришлари, вирусга чалинган ходимлар аниқланса, тезкорлик билан керакли чораларни кўришлари лозим.