Янгиликлар
02
АДЛИЯ ИДОРАЛАРИ ХАЛҚ УЧУН ХИЗМАТДА
АДЛИЯ ИДОРАЛАРИ ХАЛҚ УЧУН ХИЗМАТДА
Тараққиёт билан бирга одимлаш, ислоҳотлар мақсадини англаш ва ушбу жараёнда иштирок этиш жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширишни тақозо этмоқда.Бунга эса қонун хужжатларини ўз вақтида жойларга етказиш, уларнинг моҳиятини аҳолига тушунтириб бориш орқали эришилади. Қонунчилик ва халқ ўртасида кўприк вазифасини ўташ бевосита адлия органлари зиммасига юклатилди.
Мамлакат фуқаролари, ташкилот ва идораларда фаолият юритаётган ҳар бир давлат хизматчиси қабул қилинаётган қонун ва қонуности хужжатларининг мазмунини, мақсадини англаши, қалбдан ҳис этиши шарт. Бугун мазкур талаб адлия тизимида фаолият мезонига айланган.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш адлия органларида асосан турли шаклдаги тарғибот тадбирлари орқали амалга оширилаётган бўлса, фуқаро мурожаатлари билан ишлаш наинки бир шахснинг муаммоларини балки тизимли масалаларни ўрганиш, таҳлил этиш масала кўламига кўра қонунчиликка таклиф киритиш ёки тизимдаги камчиликларни бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун маҳаллабай ва фуқаробай ишлаш замон талабига айланди. Барча ташкилот ва муассасалар қатори адлия органларида ҳам аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш йўлга қўйилган. Мазкур жараёнда энг аввало маҳалла фуқаролар йиғинлари билан тизимли ҳамкорлик ўрнатилиб, “ҳуқуқий ахборот кунлари” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Муаммоларни ўрганишда уйма-уй юриш тадбирлари алоҳида эътиборга молик. Хатирчи туманининг “Чангир” маҳалласида истиқомат қиладиган Тўраевлар оиласининг муаммоси ҳам ана шундай тадбирлари мобайнида маълум бўлганди.
Оила бошлиғи Одил Тўраев 30 йилдан буён руҳий мувозанатнинг бузилишидан азият чекади. Оила вакиллари ўз вақтида фуқарога ногиронликни белгилатиш мақсадида айрим ташкилотларга мурожаат қилган.Ариза қаноатлантирилмагач, масала 26 йил давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Туман адлия бўлими аралашгач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил, 1июлдаги 195-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқароларни тиббий меҳнат эксперт комиссияларида тиббий меҳнат кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, мурожаат ижобий ҳал этилиб, Одил Тўраевга ногиронлик белгилаб берилди.
Бу оилада икки нафар қиз фарзанд улғайган. Ҳозирда уларнинг ҳар иккаласи ҳам уйли-жойли. Бувижон бўлиш бахтига муяссар бўлган Меҳрибон ая турмуш ўртоғининг ногиронлик нафақаси рўзғорга киргандан буён набиралари учун ширинлик олиш ёки яхшироқ таом тайёрлаш имконияти кенгайганидан хурсанд бўлдилар.
Қонун хужжатлардаги тартиб-таомилларни яхши англамаслик, унга тўлиқ риоя этмасликка сабаб. Бу эса табиийки шахс ҳуқуқларининг бузилиши ёки ундан тўлиқ фойдаланолмасликка олиб келади. Шу боис, адлия ходимлари уйма-уй юриш тадбирлари мобайнида фуқароларга янги қабул қилинган қонун хужжатлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб боришаяпти.
Аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ҳақида гап кетганда, нотариуслар фоалиятига ҳам алоҳида тўхташ жоиз. Ўтган давр мобайнида Адлия вазирлиги томонидан бу соҳада халқимизни қийнаётган муаммолар ҳамда йўл қўйилаётган қонунбузилишларнинг олдини олувчи, нотариат идораларининг муаммони судгача ҳал этувчи институт сифатидаги мавқеини ошириш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Шунга асосан, нотариусларнинг ўз касб мажбуриятларини лозим даражада бажаришига шароит яратиш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида нотариал идораларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби жорий қилинди. Унга мувофиқ, жисмоний ҳамда юридик шахслар нотариал идораларга бевосита келиб, телефон ёки интернет орқали ўзлари учун қулай ва аниқ вақтда нотариус қабулига ёзилиши мумкин. Шунингдек, кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ҳамда ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлашда идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда, маълумотлар олишнинг янги тартиби — “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиб, солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик йўқлиги, бино ҳамда иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролар томонидан қоғоз кўринишида йиғиш амалиётига чек қўйилди. Бунинг ўрнига эса мазкур маълумотларни нотариуслар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали аниқ вақт режимида мустақил олиш имконияти яратилди.
Маълумки Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан давлат нотариал идоралари нодавлат нотариал идоралар сифатида қайта ташкил этилиб, 2020 йилнинг 1 май санасидан бошлаб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўз фаолиятини йўлга қўйди. Хўш, бу жараён аҳолига қандай енгиллик бермоқда?
Нотариуслар томонидан сайёр нотариал ҳаракатлар ҳам ташкил этилади. Бу асосан бетоблиги ёки кексалиги сабабли идорага бориш имконияти чекланган фуқароларнинг мурожаатига биноан амалга оширилади. Кўчма хизмат жараёнининг ташкилотдаги каби бекаму-кўст амалга оширилиши учун шароитлар яратилган.Яъни уйда туриб ҳам фуқаролар бармоқ изи сканерларидан тортиб, махсус жиҳозлар орқали бошқа электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга.
Нуралиев Мирза бобо 95 ёшда. У киши “Баландғардиён” маҳалласининг “Пастғардиён” қишлоғида истиқомат қилади. Бобонинг оиласида 7 нафар фарзанд улғайган, айни пайтда 30дан ортиқ набира ва чевараси бор. Мирза бобо бугунги кунда унинг хизматида бўлган икки нафар набирасига ўзининг 17 сўтихли ҳовлисини хатлаб бериш истагини билдиргандан сўнг, оила аъзолари нотариал ҳаракатни амалга ошириш мақсадида мурожаат қилишди. Хужжатлаштириш жараёни белгиланган тартида хонадоннинг ўзида ташкил этилиб, уй-жой ҳадя шартнормаси расмийлаштириб берилди.
Қайсики мамлакатда қонун устувор бўлса одамлар бахтли, хаётдан рози бўлиб яшашади.Бугунги ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аслида шу. Бунинг чун эса аввало жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, кишиларда сиёсий жараёнларга нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш лозим. Ана шу жараёнда адлия органлари халқ билан камарбасда, ҳамнафас ҳаракатланмоқда
Дилдора Каттаева
Навоий вилояти адлия бошқармаси масъул ходими