Янгиликлар
ТОМДИДА НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ БЕКОР БЎЛДИ
ТОМДИДА НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ БЕКОР БЎЛДИ
Томди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи буйруқ асосида ходимларини мажбурий меҳнат қилишга ундаган. Шу важ билан жамоа аъзолари қонуний ҳуқуқларини тиклаб беришни сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Ҳолат ўрганилганда 2020 йил 5 декабрида бирлашма бошлиғи томонидан №157-сонли буйруқ имзолангани маълум бўлди. Унда муассасадаги “Болалар бўлими”нинг вақтинчалик ёпилганлиги, “Шошилинч тез-тиббий ёрдам бўлими”, “Туғруқ бўлими”, “Юқумли касалликлар бўлими”, “Жарроҳлик бўлими” ва “Терапия бўлим”лари ҳамширалари иш вақтларидан ташқари ва “Болалар бўлими” ҳамшираларининг туман аҳолисини тўлиқ хатловдан ўтказиш, антропометрияни амалга оширишни белгиланган муддатда якунлаш учун жалб қилиниши кўрсатиб ўтилган.
Мазкур буйруқда иккита масалага асосий эътибор қаратилди. Биринчидан, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари томонидан “Болалар бўлими”нинг вақтинчалик ёпилиши қанчалар тўғри? Туман аҳолиси бошқа ҳудудларга нисбатан кам бўлгани билан болалар истиқомат қилмоқда. Иккинчи масала бевосита ходимларни уларнинг розилигисиз иш вақтидан ташқари меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида мажбурий меҳнатнинг таъқиқлангани кўрсатилган бўлса, 124-моддасининг 2-қисмида иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билангина қўлланиши мумкинлиги алоҳида белгилаб қўйилган.
“Болалар бўлими”ни вақтинчалик ёпиш масаласини ўрганиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги “Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 4-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Томди туман Тиббиёт бирлашмаси тўғрисида”ги Низом ва “Томди туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг “Лавозим йўриқномаси” кўздан кечирилди. Мазкур хужжатларнинг ҳеч бирида туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг бирлашмадаги мавжуд бўлимларни ёпиш ёки вақтинчалик ёпиш ваколатига эга эканлиги қайд этилмаган.
Шунингдек, Низомнинг 4а-иловаси билан туман (шаҳар) Тиббиёт бирлашмасининг тузилмаси тасдиқланган бўлиб, мазкур тузилмада “Болалар бўлими” алоҳида бўлим сифатида қайд этилган. Хужжатга кўра, бирлашма раҳбари унинг тузилмасига ўзгартириш ва қўшимша киритиш бўйича соғлиқни сақлаш бошқармасига тегишли тартибда таклиф бериш ҳуқуқигагина эга.
Мазкур асосга кўра, адлия бўлими томонидан амалдаги буйруқни бекор қилиш ва қонунчиликка кўра расмийлаштириш юзасидан тақдимнома киритилиб, тиббиёт бирлашмаси ходимларининг мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди.
Дилдора Каттаева
Навоий вилоят адлия бошқармаси масъул ходими